Тарихий ва ҳамиша навқирон Самарқандда унутилмас форум!

Самарқанд шаҳрида 5Т Youth Форум ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшларга оид бешта муҳим ташаббусларини илгари сурган ҳолда “5Т Ёшлар форуми” Республика Конференцияси Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши, “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, “My Business” инновацион маркази, “DD General Insurance” суғурта компанияси, “OOO Dream travel study consulting”, “Grantlar.uz” таълим платформаси ҳамкорлигида 19-20 октябр саналарида Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда. Ушбу форум ёшлар учун чин маънода янги имкониятлар, дўстлар, ўзаро фикр алмашинуви орқали янги билим ва кўникмаларга ҳамда қизиқарли танишувларга бой бўлган унутилмас форум бўлади деган умиддамиз.
Форумда институтимизнинг Қишлоқ Хўжалигини Механизациялаш факултети талабалари ҳам иштирок этмоқда. Иштирокчиларимизни форум доирасида қизиқарли дебатлар, пресс конференция, Сеҳрли Фонуслар кечаси, Lottery Cap лойиҳасида иштирок этиб кўплаб совғаларга эга бўлиш, Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат, “Концерт дастури”, Мевалар дастурхони каби кўнгилочар дастурлар кутиб қолмоқда. Форумнинг кўламига тўхталадиган бўлсак, ҳозирда Телеграм, Facebook  ҳамда Instagram  тармоқларида қарийб 75 000 дан ортиқ аудиторияга тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Форумнинг расмий саҳифаларида эса умумий 5 000 кишига яқин (жорий кўрсаткич) аудитория тўпланган. Бундан ташқари форум бевосита бир нечта давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Форумни суратга олиш учун “Маданият ва маърифат”, “Самарқанд” ТРК ҳамда “МY 5” каби телеканаллар бевосита кўрсатув тайёрлашади. Форум ташкилотчилари томонидан Самарқанд шаҳри сайёҳлар қўлланмаси, форум иштирокчилари қўлланмаси, турли брошюралар ва конференция материаллари тўплами чоп этилган (жами 2 000 нусхада). Форумда Республикамизнинг 500 нафар фаол ва иқтидорли ёшлари иштирок этиши кутилмоқда. Бундан ташқари ушбу форум турли музокаралар ҳамда ўқув дастурларини ўз ичига олади. Умид қиламизки, ушбу олинган билим ва кўникмалар, янги дўстлар биргаликда ёшларимизга янада янги чўққиларни забт этишда кўмак беради.

 

Институт матбуот хизмати раҳбари Р. Жуманиёзов