Янги давр талаби

Юртимизнинг ҳар бир гўшаларида “Янги Ўзбекистон-янгича дунёқараш” шиори билан ўтказилаётган тадбирлар кундан-кунга кенгайиб, ўзига xос тантанаворлик касб этиб бормоқда. Бундай тантанали йиғилишларда халқимиз томонидан кейинги йилларда халқ хўжалигининг турли соҳаларида қўлга киритилаётган улкан ютуқлар ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган  кенг кўламли ислоҳотлар эътироф этилмоқда. Шундай тантанали тадбирлардан бири 2020-йилнинг 20-ноябрь куни Ўрта Чирчиқ тумани Йунгичқоли маҳалласидаги 61-ўрта мактабда ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда нуроний отахон-онахонлар, маҳалла фахрийлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, ўқитувчи ва ўқувчилар, ТИҚХММИ “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедраси профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари ва бошқа кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. 

Тадбир мустақил юртимиз мадҳияси билан бошланди. Тадбирнинг очилишида туман нуронийлар кенгаши раиси З.Йўлдошев ва профессор А.Арифжановлар сўзга чиқдилар. Улар ўз маърузаларида кейинги йилларда юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида-алоҳида тўхталиб ўтдилар. Тақдимот билан бойитилган маъруза тадбир иштирокчиларининг жонли мулоқотига уланиб  кетди. Тадбир бадиий қисм билан давом этдирилди. Унда Тошкент вилояти санъаткорлари ҳамда 61-мактаб ўқувчилари тайёрлаган турли куй-қўшиқлар, шеърлар ва рақслар ижро этилди. Айниқса ёш спортчиларнинг чиқишлари йиғилганларда катта таъссурот қолдирди. ТИҚХММИ “Гидравлика ва гидроинформатика” кафедраси профессор-ўқитувчилари энг фаол иштирокчиларга ўзлари тайёрлаб борган совғалар-китобларни топширдилар. Тадбир ташкилотчилари томонидан қизиқарли викторина ташкил этилди ҳамда ғолибларга эсдалик совғалар топширилди. Тадбир жуда кўтаринки руҳда, эсда қоларли қилиб ўтказилди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати