ВАҚТИНГ КEТДИ — НАҚДИНГ ВА БАХТИНГ КEТДИ

Ўтаётган кунимиз, вақтимиздан ибрат олмоғимиз лозим. Инсон бепарво бўлиб қўлидан бой берадиган энг қимматли нарса бу вақтдир. Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: «Вақтинг кетди, бахтинг кетди». Айниқса, ёшларнинг вақтини тўғри сарфлашлари ва мазмунли ўтказишлари уларнинг камол топиши ва қай даражада етук мутахассис бўлиб етишишларида муҳим рўл ўйнайди.

Шу сабабли, 20 декабрь куни 3-ТТЖда «Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Маматалиев А.Б. ва ўқитувчиси Мардиев Ш.Ҳ. томонидан ташкил қилинган давра суҳбати мавзуси «Вақт қадри ёхуд ҳамма нарсага улгуриш санъати» деб номланди. Тадбирда талабалар турар жойи тарбиячи-педагоги А.Хайитова ва «Гидромелиорация» факультетининг 1-4 курс талабалари иштирок этишди. Суҳбат мавзуси бўйича тақдимот асс. Ш. Мардиев томонидан талабалар эътиборига ҳавола қилинди. Тақдимотда вақтнинг қадрини тушуниш учун вақтдан фойдаланиш, унинг тақсимланиши бўйича қизиқарли статистик маълумотлар келтирилди, вақтдан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Доцент А.Маматалиев вақт ҳақида фикрларини билдириб, ҳозирги кунда ёшлар ўртасида мобил телефондан, интернет тармоғидан фойдаланишни тўғри режалаштирмагани ҳолда, асосий вақтларини телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали бефойда мулоқотларга ва турли кўнгилочар тасвир ва видео роликларга сарфлаш ҳолатлари кўп учрашини айтиб ўтди. Талабаларга вақтни тўғри режалаштириш ва керакли нарсаларга сарфлаш бўйича маслаҳатлар берди. Тартибсизлик биринчи галда вақтни исроф қилишига сабаб бўлиши тушунтирилди. Берилган қизиқарли маълумотлари ва фикрлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир жуда савол-жавобларга бой мазмунли ўтди. Бу учрашув барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирган бўлса ажаб эмас.

Доцент Адҳам Маматалиев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов