Риторика лидерликнинг илк алифбоси

Талаба ёшлар билан ҳамкорликда турли ғоя ва ташаббусларнинг ижрочиси сифатида тажриба орттирган Акмал Бердимуродов институтимиздаги 70 та фаол талаба нотиқлик санъатига қизиқиб гуруҳга аъзо бўлгани ҳақида хабар берди. Улар турли факультетлардан жамланган иқтидорли талабалар эди. Савол ва жавобларидан уларнинг риторика мактабига қизиқиши яққол сезилиб турарди. Пандемиядан олдин икки ой мобайнида фаолият юритган нотиқлик тўгараги яна ўз машғулотларини бошлаганидан талабалар роса шод бўлишди. Бугун улар касбий фаолиятда, мулоқот ва муомала, таълим ва тарбия, лидерлик ва бошқарув жараёнида риторик маҳоратнинг ўрни борасида маълумот олишди.

Талбалар орасида қозоқ миллатига мансуб айни пайтда рус мактабида таҳсил олган ўзбек йигит ва қизлари ҳам борлиги қувонарлидир. Муҳими, қизиқиш ва ихлос мақсадга етаклайди, орзуларнинг рўёбини таъминлайди. Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ижод мактабида ёшлар билан учрашувларида бунёдкор ёш авлодга, учинчи ренессанснинг қурувчиларига хос фазилатлар ҳақида сўз юрита туриб, лидерликнинг моҳияти кенгқамровли билим, нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш эканини эътироф этган эдилар.

Ана шу талабни эътиборга олган ҳолда, талаба ёшлар риторика санъатининг сир-асрорларини чуқур эгаллашга астойдил киришдилар. Барча соҳа, жабҳа ва касбларнинг ибтидоси нутқ санъати билан боғлиқ эканини, талабалар таълим ва мулоқотнинг калити нутқ билан, тарбия ва муомаланинг калити хулқ билан дахлдорлигини яхши билиб теран ҳис этишгани эътиборга моликдир.

              ТИҚХММИ матбуот хизмати