Истамбул ва Испаниядан илк истаклар
Халқ донолигининг исботи у топиб айтади, ҳаётий тажрибадан, ақл чиғириғидан ўтказиб айтади, сўнгра сўзи мақолга айланади. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас. Сафар машаққатини, саёҳат роҳати-ю заҳматини чекмаган раҳмат эшитмайди, чин инсон бўлиб шаклланмайди деган мазмун бор унда. Хизмат сафари баҳонасида, делегация таркибида Испания сари отландик. Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали томонидан "Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш" (UzWaterAware) лойиҳаси доирасида бир гуруҳ мутахассислар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Испания давлатига стади-тур ташкил этилди.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида 2016 йилдан буён амалиётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳа сув ва экологик муаммолар ечимига қаратилган тарғибот ишларини амалга ошириб келаётгани сир эмас. Қишлоқ ва сув хўжалиги тизимига дахлдор мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ҳамда мухбирлардан, жами 24 кишидан иборат делегациямиз 22 февраль куни Истамбул орқали Испанияга парвоз қиладиган самолётга ўтиришди. Салкам 5 соатлик парвоздан сўнг Туркиянинг муҳташам Истамбул қўналғасига, аэропортига келиб тушдик. Испанияга учадиган самолёт рейси 4 соатдан сўнг Мадридга парвозини билганимиз ҳолда, Истамбул аэропортини айландик. Аэропорт гавжум, турли ирқ ва миллатга мансуб йўловчиларни ўз бағрига олган. Ҳар ким ўз ташвиши билан банд.
Куни кеча 20-21 февраль кунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи ҳам мазмундор, залворли вазифалар ҳамда истиқболли режаларни ҳамкорликда амалга ошириш маъносида катта аҳамиятга эга бўлгани аниқ. Ҳамжиҳатлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликкина чикам тараққиётнинг мезони бўлишига эндиликда шубҳа йўқ. Туркия ва Ўзбекистон халқлари орасидаги мақсадлар муштараклигини ҳар иккала давлат президентларининг эътиборли ва эҳтиромли муносабатларидан, очиқ кўнгил ва қалбан яқинлигидан ҳам сезиш қийин эмас. Бу эса теран томирлари туташ ҳар иккала халқнинг истиқболи янада порлоқ бўлишининг кафолатидир.
Хаёллар уммонига шўнғиб ўтирганимизда Мадридга учадиган самолёт рейси ҳам эълон қилинди. Сафар яна давом этади. Ниҳоят биз тағин самолётдамиз. Яна салкам беш соатга яқин само билан сирлашамиз. Испания испанияликлар ҳақида демак, нималарнидир қайд этишга имкон бор. Майдони 504 782 кв.км.ни ташкил этган, аҳолиси 47 370 000 дан ортиқ бўлган Андалусия - Испания бу. Пойтахти Мадрид шаҳри, бошқарув шакли парламентли монархия, Давлат бошлиғи қирол, 17 та мухтор вилоят, улар эса 50 та провинция ва 2 та мухтор шаҳарга ва суверен ҳудудларга эга бўлган ушбу мамлакатнинг ўзига хос мавқеи бор. Мадрид, Барселона, Валенсия, Севилья каби йирик шаҳарлари бор бўлган Испаниянинг жўғрофий ўрни, табиати ҳам ўзига хос. Жануби-ғарбий Европада жойлашган бўлиб у ғарбда Португалия, жанубда Гибралтар, шимолда Франция ва Андорра билан чегарадош. Пиреней яриморолининг саксон фоиз қисмини эгаллайди. Катталиги бўйича Европада тўртинчи ўринда. Минтақанинг энг тоғли ҳудудларидан бири. Мамлакатнинг ярмидан кўпроғини эгаллаган Месета ясситоғлиги денгиз сатҳидан ўртача 660 метр баландликда. Яриморолнинг энг баланд чўққиси Сьерра-Невада тоғида – 3478 м. Шимолий ва ғарбий қирғоқларини Атлантика океани, жанубий ва шарқий қирғоқларини эса Ўртаер денгизи сувлари ювиб туради. Испания Европадаги энг серқуёш мамлакатлардан бири экан. Биз совқотиб қолмайлик тағин дея иссиқ кийимлардан ҳам олгандик. Андак пушаймон ҳам қилдик. Об-ҳавоси жиҳатидан деярлик Ўзбекистон иқлимидан фарқ қилмас экан, ҳисоби. Йилнинг ўртача 260-285 куни қуёшли бўларкан. Ўртаер денгизи соҳилларида йиллик ўртача ҳарорат +20 °С. Қиш ойларида фақат марказий ва шимолий ҳудудлардагина ҳарорат нолдан пастга тушади. Марказий ва жанубий ҳудудларда ёзги ҳарорат 40 ва ундан юқори даражага кўтарилиши мумкин. Шимолда эса 25 даража атрофида бўлади.
Олдин ўлкада ўрмонлар кўп бўлган. Ҳозир мамлакат ҳудудининг ўттиз фоизи ўрмонлардан ташкил топган, бироқ уларнинг беш фоизидагина дарахтлар зичлиги сақланган.
Тарихига эътибор қилайлик. Милоддан олдинги III аср охирларида Испания ҳудудининг кўп қисми Карфаген қўл остига ўтди. Милоддан олдинги II аср бошига келиб римликлар карфагенликларни сиқиб чиқарди. Милодий 409 йили Испанияга аланлар, свев ва вандаллар, 418 йилдан вестготлар кириб кела бошлади. 711 – 718 йилларда Пиреней ярим оролини араблар фатҳ этди. 756 йили мустақил давлат – Қуртуба амирлиги ташкил топди, у 929 йили халифаликка айланди. Бу даврда Қуртубада суғориладиган деҳқончилик пайдо бўлди, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, фан ва маданият юксалди. 1031 йили халифалик бир неча амирликка бўлинди. VIII асрдан бошлаб маврлар қўл остида бўлган ерларни испанлар қайтариб ола бошлади. Натижада XI асрда Кастилия ва Арагон қиролликлари вужудга келди.
1479 йил Арагон билан Кастилия ўртасида тузилган сулола иттифоқи натижасида Испания ягона давлатга айланди. 1480 йили инквизиция жорий қилиниб, мавр ва яҳудийлар мамлакатдан қувилди. Улар асосан деҳқонлар, ҳунармандлар, савдогарлар эди. 1504 йил Испанияга Неаполь қироллиги ва Сицилия қўшиб олинди. Испания 1494 – 1559 йилларда Италияга қарши урушларда Шимолий ва Ўрта Италиянинг қатор ерларини босиб олди. 1516 йили Карл I тахтга ўтириши билан Испанияда Габсбурглар сулоласи ҳукм сура бошлади. Шу йили Испанияга Нидерландия қўшиб олинди. 1808 йил Франция Испанияни босиб олишга киришди.
Испания Иккинчи жаҳон урушида бетарафлик йўлини тутган бўлса-да, Шарқий фронтга кўнгиллилар дивизиясини жўнатди.
1947 йили мамлакат яна қироллик деб эълон қилинди. 1978 йили янги конституция қабул қилинди. 1985 йили Испания Европа Иттифоқига қўшилди. Испания 1955 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси. Миллий байрами – 12 октябр – Испан Миллати Куни (1492). Ўзбекистон билан элчилик муносабатларини 1992 йил 17 мартда ўрнатган. Испания иқтисодиёти қишлоқ хўжалигига асосланган. Бироқ у Европада саноат соҳасида ҳам етакчилардан ҳисобланади. Ташқи савдода асосан Европа Иттифоқи, АҚШ ва Лотин Америкаси мамлакатлари билан шерикчилик қилади. АҚШ, Франция, Германия, Буюк Британия, Швейцария компанияларининг иқтисодиётга таъсири катта. Мамлакат машинасозлик ва металлургия корхоналарининг ярмидан кўпи мана шу компанияларга тегишли.
Туризм соҳаси юксак даражада ривожланган. Ўлкага ҳар йили олтмиш миллионга яқин сайёҳ келади. Банк тизими барқарорлиги бўйича Европада етакчилардан. Машинасозлик соҳасида кемасозлик асосий ўринни эгаллайди. Дунёга машҳур “Фольксваген” машинасозлик концерни шу ерда жойлашган. Электротехника саноати; кимё, енгилсаноат, озиқ-овқат саноати асбоб-ускуналари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ривожланган.
Аҳолиси. Испанлар, каталонияликлар, басклар, галияликлар Испаниянинг тубжой аҳолиси саналади. XX аср сўнгидан бошлаб Лотин Америкаси, Мағриб ва қисман Шарқий Европадан кўчиб келаётган муҳожирлар ҳисобига аҳоли сони ортиб боряпти.
Шаҳар аҳолиси 76 фоиз. Расмий тили – испан (кастил) тили. Мухтор вилоятларда испан тили билан бир қаторда бошқа маҳаллий тиллар ҳам расмий мақомга эга.
Дини. Аҳолининг 70 фоиздан ортиғи католиклардан иборат. Яҳудийлар 1 фоизни ташкил этади. Ўлкада Ислом динининг ёйилишига Андалусия амирлиги катта таъсир кўрсатди. IX-X асрларда мамлакат илм-фани ва маданияти гуллаб-яшнади. XV аср сўнгига келиб, Испания ҳудудидаги сўнгги мусулмон давлати – Қурдоба (Гранада) амирлиги ҳам таназзулга юз тутгач, ўлкада Ислом динининг таъсири кескин камайди.
Мусулмонлар замонавий Испаниянинг кундалик ҳаёти, маданияти, анъаналарига сезиларли таъсир кўрсатган.
Бугун мамлакатга Марокаш, Сурия, Ливан, Ироқ, Бангладеш, Ҳиндистон ва Покистондан жуда кўп иммигрантлар келяпти. Улар ҳисобига ҳам мусулмонлар сони ортиб боряпти. Ҳозир Испанияда бир миллиондан ортиқ мусулмон яшайди. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, эллик мингга яқин тубжой испан Ислом динини қабул қилган. Уларнинг кўпчилиги Андалузияда истиқомат қилади. Замонавий Испаниядаги илк масжид 1982 йили қурилган, дея хабар беради журналист Орифжон Мадвалиев.
Мана, Испания ҳақида мухтасар маълумот шу. Ана, Мадрид аэропортига ҳам келдик. Алехандро исмли мутахассис бизни кутиб олди. Бирга эсдалик учун расмга ҳам тушишга улгурдик. Лекин афсусланарли жиҳати ҳам бўлди. Делегация раҳбари РЭЦЦА Ўзбекистондаги директори, менежер Шаҳноза Умарова Мадридда эҳтиёт бўлишимиз зарурлигини, киссавур, ўғрилар борлигини айтиб огоҳлантиришларига қарамасдан, барибир бефарқлик сабаб ноқулай ҳолат рўй берди. "Кун.уз" сайти мухбири Жамшидхон Зиёхоновни ҳужжатлари ва 480 евро пули жо бўлган сумкачасини расмга тушишга оввора бўлиб турганимизда ўғри хуфий мақсадини амалга оширишга эришибди. Бизни кутиб олишга чиққан Испаниядаги элчихонамизнинг мутасадди вакили Набихон Қувондиқов ҳам ҳижолатга қолди. Ниҳоят бизни "Прага" меҳмонхонасига жойлаштиришди. Эртасига, яъни 23 февраль куни эрталаб нонуштадан сўнг икки қаватли автобус билан Мадриднинг диққатга сазовор жойларини сайр қилишга отландик. Ўзга юртга сафарга отланган сайёҳ алатта, у ернинг об-ҳавоси ва нарх-навоси билан қизиқиши тайин. Иқлими ва нарх навоси ҳам деярлик ўз мамлакатимиздан фарқ қилмас экан, - дея таъкидлашди делегация аъзоларидан Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг матбуот котиби Шуҳрат Суюнов ва вазирликнинг юридик бўлими бошлиғи Равшанбек Шаропов.
Шаҳарда тарих билан замонавий иншоотлар уйғунлашган, мозий билан бугун сирлашаётгандек гўё. 100 минг томошабинга мўлжалланган стадион олдида Реал-Мадрид камарини талашиб олиб, суратга тушдик ва икки қаватли автобусга рухсат бердик. Метро орқали меҳмонхонага қайтадиган бўлдик. Ер ости йўлини, метро маршрутини биладиган одамга ҳам мураккаблик туғилишига амин бўлдик. Чунки у шундай кесишма йўллардан иборат эканки, худди лабиринтга дуч келгандек бўлиб қоласан киши. Биз билан элчихонамиз вакили Набижоннинг иккита фарзанди Феруза ва Комрон ҳам ҳамроҳлик қилди. Уларга Ўзбекстон ёқдими ё Испания деб ҳазиллашган бўлдим. Кулимсираб қўйишди, лекин жавоб беришмади. Алишер Навоий ва Ҳамид Олимжон шеърларини ўқиб беришди. Бизга ҳамроҳ бўлган Ўзбекистон 24 телеканалининг журналисти Дурдона ва видеотасвирчиси Илёс уларни тасвирга туширишди.
Эртадан бошлаб меҳмонхонани тарк этамиз, учрашув ва анжуманлар ишига киришиб кетамиз.
Институт матбуот хизмати Раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов