Кредит-модуль тизими мақсади ва моҳияти
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Мазкур Фармонда республикамизнинг камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World Universities рейтингининг биринчи 1000 талик олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш ва бошқа бир қатор вазифалар белгиланди. 2020/2021 ўқув йилида республикамизнинг 35 та олий таълим муассасаларида, жумладан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида, ўқув жараёни кредит-модуль тизимига ўтказилди.
Жорий йилнинг 23 январь куни институт ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Д.Ходжаевнинг институт ҳузуридаги Бишкент қишлоқ хўжалиги техникуми жамоаси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони, жумладан, кредит-модуль тизими мақсади ва моҳияти ҳақида онлайн учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида кредит-модуль тўғрисида тушунчалар, уни республикамизда жорий этишдан мақсад ва бу механизмининг фойдаси бўйича давра суҳбати ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, унда белгиланган “ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлиш” тартибига ҳам тўхталиб ўтилди.