Уйғоқ виждон (воқеий ҳикоя)
Эрталаб уйдан эртароқ чиққанимга ишга автобусда кета қолдим. Бекатдан чиқсам орқа ўриндиқда уч йигитча ўтирган экан. Менимча улар бирор олий ўқув юртига ҳужжат топшириш учун кетишаётганди. Чунки икки йигитнинг қўлида ҳужжатлар солинадиган жилд бор эди. Ўртадаги йигит менга жой бериш тараддудида бир қараб қўйди. Сўнг икки томонида хотиржам ўтириб, нималарнидир муҳокама қилиб кетаётган ўртоқларига қараб у ҳам ўрнидан қўзғалмади. Лекин хижолат бўлиб ўтиргани хатти-ҳаракатларидан билиниб турарди. Менга қайта-қайта қараб қўяр, кўзим тушганида уялиб кўзларини олиб қочарди. “Мени ёш деб ўйлаяпти” деган ўй кўнглимдан кечиб, телефонимга келган хабарларни ўқиб кетавердим. Гарчи кўзим телефонда бўлса-да, психологлигим учун эътиборим уларда эди. Автобус кейинги бекатда тўхтаганди, олтмиш ёшлар атрофидаги онахон чиқдилар. Йигитлар онахонга ҳам жой беришмади. Олдинроқда ўтирган аёл ўрнидан туриб, ёши улуғ аёлни жойига ўтирғизди. Кейинги бекатда йигитлар тушадиган экан, ўринларидан қўзғалиб тушиш ҳаракатини қилишаётган эди ўша ўртада ўтирган йигитга паст товушда “Виждонингиз қийналди а?” деб сўрадим. Йигит кўзларини ҳайрат билан очиб “Буни қаердан билдингиз?- деди.- Жуда қийналдим, хижолат чекдим..” дея узр сўради.
— Ўқишга топшираётган экансиз а?- дедим йигитга. Тасдиқ ишорасини берди. – Сиз тутган йўл мақсадларимизга эришишда тўсиқ бўлади. Ҳеч бир яхшилик изсиз кетмайди. Сизнинг менга ёки бояги онахонга жой беришингиз ҳам кичкина садақа эди. Бу билан сиз йўлингиздаги тўсиқ-ғовларни олиб ташлардингиз. Майли, виждонингиз қийналганининг ўзи ҳам сизга яхши сабоқ бўлибди. Бошқа бундай қилманг, сизга омад ёр бўлсин!..
У менга миннатдорчилик билдириб бекатида тушиб қолди, пушаймонлик ва хижолатчилик акс этган нигоҳлари маъюс эди. Ёшларимизга айтмоқчи бўлганим, кимнидир ҳурмат қилиш ёки қилмаслик — сизнинг ишингиз. Сиз ўзингизни ҳурмат қилинг. Негаки, сизнинг хатти ҳаракатингиз, атрофдагиларга муносабатингиз тарбиянгиз қай даражада эканини билдиради. Одамлар болаларини кўриб ота-онасини ҳурмат қиладилар. Буни ҳеч қачон унутманг...
2- ТТЖ Тарбиячи –педагоги Психолог Дилором Сагдуллаева