Абадият адибига бағишланган учта тадбир

Мангулик муҳрининг мезони  мардумга меҳрдан, халқ қалбига яқинлик, адабиёт сеҳрига ошуфтаворликдан бошланади. Халқ шоири, давлат мадҳияси матнининг муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ана шундай сифатларга эга адиблардандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-4906-сонли Қарорда ҳам ана шу мезон назарда тутилгани аниқ. Бу адибга бўлган юксак эҳтиромнинг нишонасидир.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг 80 йиллигини юқори савияда нишонлаш бўйича бир йилдан зиёд муддат мобайнида қатор тадбирлар ташкил этилаётгани сир эмас.

25 март куни ҳам  худди шундай тадбирларнинг учтаси кетма-кет ташкил этилди. Даставвал, соат 10.00да Абдулла Орипов номидаги институтда “Ёшлар боғи”нинг очилиш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ва бошқа эътиборга молик ташкилот ва муассасаларида фаолият юритувчи нуфузли меҳмонлар, профессор ва академиклар иштирок этишди.

Институт ректори, профессор Ўктам Умурзаков юбилей муносабати билан йиғилганларни қутлаб тадбирни очар экан, шоир номини абадийлаштириш билан боғлиқ ҳаракатлар Президентимиз томонидан шу хусусдаги қарорнинг ижросини амалга ошириш борасидаги навбатдаги дадил қадам эканини уқтириб ўтди. Сўнгра Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб уюшма томонидан институт билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қатор ишларни қайд этди.  Институт раҳбарияти ҳамда меҳмонлар томонидан тасма қирқиш маросими ўтказилгач, бутун жамоа хиёбон ва унда яратилган шароитлар кўздан кечиришди.

Кейин эса Абдулла Орипов номидаги институт музейининг очилиш маросими бошланди. Институт раҳбарияти ҳамда меҳмонлар томонидан навбатдаги тасма қирқиш тадбири амалга оширилгач, мутахассис музейшунослар томонидан меҳмонларга музей ҳақида маълумот берилиб экспонатлар билан таништирилди.

Сўнгра эса институт маданият саройига кирилди ва у ерда хотира тадбири бошланди. Институт ректори Ўктам Пардаевич Умурзаков кириш сўзидан сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид табриклари тингланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа Салимова, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов сўзга чиқиб шоир сийрати ва феноменига дахлдор мулоҳазаларини билдиришди.

Айниқса, Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафоева ҳамда оила аъзоларининг чиқишлари тадбир иштирокчилари томонидан олқишланди. Абдулла Орипов хақида ўзлари ёзган шеърларини ўқиб берганларида давра аҳли бирданига ўрнидан қалқиб турди, бир дақиқа сукут сақлади. Сўнгра машҳур санъаткорлар ижросида тадбирнинг бадиий қисми бошланди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Турғун Бекназаров, Гулбаҳор Эрқуловалар ўзларининг дилбар қўшқларидан ижро этгач, интитутимизнинг иқтидорли ва ижодкор талабалари ҳамда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабининг талантли ўқувчи ёшларининг чиқишлари барчанинг эътиборини тортди. Институт талабалари ўртасида Абдулла Орипов ижодига бағишлаб ўтказилган шеърлар, иншолар, расмлар ҳамда видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими, институт ижодкор ёшлари ҳамда санъаткорлар томонидан намойиш этилган бадиий чиқишлар барчага бирдек маъқул келди. Тадбир кўтаринки кайфият ва юқори савияда ташкил этилгани билан барчанинг диққат-эътиборини тортди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати