Инновацион очиқ дарс

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат ила бақувват бўлади. Илмни эгалламоқ ҳам фарз, ҳам қарз, қолаверса, санъатдир. Илмни ўзгаларга улашмоқ эса шараф ҳамда савобдир! 2019-йилнинг 25-апрел санасида “Физика” фанидан “Физика ва кимё” кафедраси катта ўқитувчиси Замира Бекназарова раҳбарлигида "Гидромелиорация" факултетининг 107-гуруҳ талабалари учун очиқ дарс ташкил этилди. Мазмунли тарзда ташкил этилган очиқ дарс “Електромагнит индукция ҳодисалари” мавзусида олиб борилди. Дарс бошланган вақтда гуруҳ талабалари тўлиқ таркибда ўқув хонасида жам бўлишган эди. Ўқитувчи томонидан ўтган мавзуни такрорлаш ва янги мавзуга кириб бориш мақсадида талабаларга “БЛИЦ САВОЛЛАРИ” берилди. Шундан сўнг замонавий педтехнологияларга ёндашган ҳолда гуруҳ талабалари учта кичик жамоаларга ажратилди ва улар билан қуйидаги тўртта шарт бўйича, мусобақа тарзида дарс давом эттирилди:

1. Жамоани таништириш ва жамоага танланган номни изоҳлаш;

2. Жамоа сардорлари томонидан янги мавзу бўйича ўзаро тушунтиришлар бериш;

3. Фанга доир қизиқарли кроссвордлар ечиш;

4. Фан юзасидан “БЛИЦ САВОЛЛАР”га жавоб бериш.

Илмнинг сарҳади чексиз, уни синаш, ўрганиш ва ўргатишнинг йўллари бисёр. Ўқитувчи томонидан жамоалар тарзида дарс ташкил этиш турининг танланишидан кўзланган асосий мақсад талабаларнинг фанга қизиқишини ҳар томонлама ошириш, жамоа бўлиб ҳаракат қилишга ўргатиш ва энг асосийси ғалаба томон интилиш ҳамда ишонч туйғуларини янада юксалтиришдан иборат эди. Дарс давомида фаол иштирок этган ҳар бир жамоа аъзолари “РАҒБАТ” карточкаларига эга бўлишди. Шартлар ўз ниҳоясига етгандан сўнг ўқитувчи мавзуни умумлаштирган ҳолда якуний хулосаларни берди. Шунингдек, кўп йиллик тарихга эга бўлган физика фанининг жамият ривожида тутган ўрни, бугунги кунда фанда юз бераётган янгилик ва кашфиётлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Очиқ дарсни “Физика ва кимё” кафедраси мудири Ёрқин Тошмуродов ҳамда кафедра доценти Бахтиёр Қодировлар кузатиб боришди. Якунда эса кузатувчилар ўқитувчи томонидан қўлланилган ноанъанавий услуб ҳамда инновацион ёндашувларга ўзларининг ижобий фикрларини билдиришди ҳамда талабаларга келгуси ўқишларида зафарлар тилашди. Биз талабалар ҳам ушбу дарсга пухта тайёргарлик кўрган устозимизга гуруҳ номидан ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!

Ёшлар иттифоқининг ГМ 107-гуруҳ етакчиси Азизбек Ҳасанов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов