Эзгуликка чорловчи маскан

«Ирригация ва мелиорация» кафедраси доценти Адҳам Маматалиев раҳбарлигида «Сув хўжалиги ва мелиорация» таълим йўналиши 402-гуруҳ талабалари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Давлат Сатира театрига ташрифни амалга оширдилар. Бу ташрифдан мақсад талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда таълим олиш самарасини оширувчи маданий ҳордиқ чиқариш кўзда тутилган эди.

Театр санъати жамият ҳаётида, томошабинларнинг маънавий ва эстетик тарбиясида муҳим ўрин тутади. Бугунги ахборот асрида аксарият ёшлар ижтимоий тармоқларга боғланиб қолган бир пайтда уларни театрга жалб қилиш долзарб вазифалардан саналади. Бунинг учун ўсиб келаётган ёш авлодни санъатнинг театр турига ҳамоҳанг этган ҳолда тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси ҳам ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга қаратилган.

Талабаларимиз театрга ташрифи давомида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Рихсивой Муҳамеджонов сценарийси асосида режиссер Мунаввар Абдуллаева томонидан саҳналаштирилган “Соқов хотин” спектаклини томоша қилдилар. Спектаклда ҳаётий масалалар, яъни оилада келишув, бир бирини тушуниш мавзуси кўтарилган. Оилавий муаммолар саҳнада ҳар қандай комедияда бўлгани каби юмор орқали очиб берилган. Бу спектаклдаги воқеалар янги оила қурган ва оила қуриш арафасида турган талабаларимиз учун ибрат бўлади десак, хато бўлмайди.

Талабаларимиз спектакл томошасидан қайтишар экан театр инсон камолотида муҳим ўринга эга эканлигига яна бир бор амин бўлишди. Жаҳондаги энг оммавий ва таъсирчан санъат турларидан бири бўлган театр асрлар давомида одамларни инсонийлик ва эзгуликка чорлаб, уларнинг қалбида олижаноб фазилатлар, гўзал ҳис-туйғуларни камол топтиришга, жамият ҳаётида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, юксак ахлоқ ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Шу сабабли ҳам театрни муболғасиз эзгуликка чорловчи маскан дейиш мумкин.

 


ТИҚХММИ матбуот хизмати