Москвалик профессор билан ҳамкорликдаги вебинар
2020 - йил 23 - октабр куни Москва давлат Ер тузиш университети “Ер тузиш” факултети декани, Россия Федератсиясида хизмат кўрсатган ер тузувчи, иқтисод фанлари доктори, профессор Папаскири Тимур Валикович иштирокида “Ер тузишни лойиҳалашнинг автоматлашган тизимлари ва хорижий тажрибалар” мавзусида вебинар ташкил этилди.
Мазкур вебинарда “Ер ресурсларини бошқариш” факултетининг 4-курс талабалари, профессор-ўқитувчилар, шунингдек, “Ўздаверлойиҳа” илмий-лойиҳалаш институтининг мутахассислари, ТИҚХММИ қошидаги Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тармоқ маркази тингловчилари иштирок этишди. Профессор Т.В.Папаскири сўз аввалида институт раҳбариятига салом йўллар экан, институтимиз билан Москва давлат ер тузиш университети ўртасида кўп йиллик самарали ҳамкорликлар амалга ошириб келинаётганини таъкидлади. Бундан кейин институт билан ҳамкорлик ва алоқаларимиз янада кенгайишига ҳамда бу борадаги келишувларни биргаликда амалга оширишга ишонч билдирди. Т.В.Папаскири ўз маърузасида Россиянинг ер тузиш соҳасидаги тажрибалари, ер тузиш жараёнида қўлланилаётган янги инновацион технологиялар ва дастурий таъминотлар, рақамли план-картографик материалларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тингловчиларга маълумот берди.
Вебинарда профессор-ўқитувчилар, талаба ва мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди ҳамда улар билан фикр алмашдилар. Маъруза сўнгида профессор Т.В. Папаскири барчага ўзининг самимий тилакларини билдирди ҳамда битирувчи талабаларни Москва давлат ер тузиш университетида магистратурада ўқишга таклиф қилди.
“Ердан фойдаланиш” кафедраси мудири А.Бабажанов ахбороти
Институт матбуот хизмати