Митти юлдузнинг мангулик шуъласи
Миллий шеъриятимизда ўзининг соҳир йўлини кашф этган ва етук ижодий мактаб яратган ҳассос шоир Абдулла Орипов маънавий меросини тарғиб қилиш шубҳасиз, бундай муҳим жараён давлат ва жамият зиммасига муайян масъулият юклайди. Устоз Абдулла Ориповнинг шеърлари ва достонлари ҳар жиҳатдан худди ана шундай олий мақом сифатларга эга ҳикматларга ўхшайди. Шу маънода 2020 йил 27 июнь куни “Адиблар хиёбони” да Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишлаб, “Гидромелиорация” факультетининг декани А.Фатхуллоев бошчилигида профессор-ўқитувчилари ва фаол талабалари иштирокида адабий, маънавий-маърифий давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Давлат мадҳияси матнининг муаллифи Абдулла Орипов ижодий ва ҳаётий фаолиятини яна бир бор ёд этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Абдулла Орипов бамисоли “митти юлдуз”дек ҳаётнинг бахту ғамларга тўла майдонида пайдо бўлиб, эркли бир мамлакат, ҳур бир халқ сингари яшаб, бахшилар тили билан айтганда, давру давронини суриб, адабиёт саҳнида қуёшдек чарақлаб ва ойдек ярақлаб ўтди. Юртимиз кенгликларида бу улуғ инсоний қалб булоқларидан қониб сув ичиш ва мангу офтоб нурларидан баҳра олишдек самимий истак, тоза ниятлар мавжи ортиб бораётгандек. Абдулла Орипов ижодини она юрт, Ватан тушунчаларидан айро ҳолда тасаввур қилиш асло мумкин эмас. Таъбир жоиз бўлса, меҳр - муҳаббат ва ҳикматга тўла бу ижодни шеъриятдаги Ватан, Ватандаги шеърият деб таърифламоқ ўринлидир.
Ушбу ёруғ оламда улуғ шоирнинг ўрнини ҳам бошқа биров эгаллай олмайди. Абдулла Орипов ёзганидек:
Мен шоирман,
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу сўзим,
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим.
Шундай экан, миллий адабиётимиз жилосига жило, қудратига қудрат қўшган Абдулла Орипов шеърияти мутолаасига ҳамиша ҳамнафас бўлайлик.
“Гидромелиорация” факультети ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари О.Ҳабибуллаев ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати