Меҳнатга яраша муносиб рағбат

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати турли соҳа вакилларини мукофотлаш тўғрисида фармон имзолади. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг ёрқин истеъдоди, серқирра ижоди, илмий-инновасион фаолияти билан мамлакатимизнинг илм-фан, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида ҳартомонлама баркамол этиб тарбиялаш йўлидаги самарали хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун бир гуруҳ фидойиларга давлатимиз раҳбари томонидан орденлар топширилди. Қувонарлиси шундаки, эътироф этилганлар сафида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали “Умумтехник фанлар” кафедраси профессори, техника фанлари доктори Фармон Муртозевич Маматов ҳам борлиги таҳсинга лойиқ. Қарийб ярим асрдан ортиқ умрини илм-фанга бағишлаган устоз “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Ф. Маматов шу кунгача 150 га яқин ихтиролар муаллифига айланган. Сўнги 5 йиллик фаолияти давомида ўн беш нафар фалсафа ва фан докторларига илмий раҳбарлик қилган. Охирги 3 йилдаги ихтироларига 15 та хорижий патент олган. Шунингдек, ўнга яқин дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали жамоаси устозни бу улкан ютуғи билан самимий муборакбод этади.