Собиқ ва содиқ курсдошларнинг дийдорлашуви
Ярим аср қисқа муддат эмас, бу давр инсонга қанчадан қанча таассуротларни, шахсий ҳаётида ҳамда иш фаолиятида ўзгаришларни, шодлик ва ғамгин дамларни бахш этганидан кўз юмиб бўлмайди. Узоқ вақт, узоқ макон инсонни чархлайди, садоқат ва вафони тоблайди. 2019 йил 26 апрел куни ТИҚХММИ да “Гидромелиоратив ишларни механизациялаш” факультетини 1974 йилда тамомлаган битирувчилар учрашуви бўлиб ўтди. Улар учун бу йилги учрашув уларнинг ТИҚХММИ га талаба сифатида қабул қилинганига 50 йил, институтни битирганларига эса 45 йил тўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Учрашувда битирувчиларимизни ушбу сана билан табриклаб институтимиз ўқув ишлари бўйича проректор т.ф.д., проф.Б.С.Мирзаев, ГИМ факультети декани Б.Норов, доцентлар Н.Қ.Усманов, И.Ж.Худоевлар иштирок этишди. Институтимиз проректори Б.С.Мирзаев меҳмонларни институтимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиликлар билан таништирди. Факультет декани Б.Норов факультет тўғрисидаги маълумотлар ва келгуси режалар билан ўртоқлашди. Собиқ курсдошлар институтда ўтган даврлари, таълим берган устозларини эслаб, улар ҳақида илиқ фикрларини билдириб ўтишди.
Давлатимиз раҳбариятининг сув хўжалиги қурилиши ҳамда ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган тадбирлари ҳамда бевосита механизациялашган ишларни бажаришга мўлжалланган машиналар парки таркибини янгилаш, илғор технологиялар қўллаш бўйича саъйи ҳаракатларини алоҳида, мамнуният билан таъкидлаб ўтишди. Шу билан қаторда институт равнақи учун хизмат қиладиган таклифларини билдиришди. Учрашув сермазмун ва қизиқарли тарзда ўтди.
ГИМ факультети декани Б.Норов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов