Ватанпарварлик тимсоллари

Тошкент солиқ коллежида  2019 йил  26 апрель куни “Махсус фанлар” кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган юртимизнинг икки буюк саркардаси Жалолиддин Мангуберди ва Темур Маликларнинг она юрт, жонажон Ватан озодлиги йўлида кўрсатган қаҳрамонликларини ўқувчилар онгига сингдириш орқали уларда ватанпарварлик туйғусини янада юксалтириш, ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат, инсонпарварлик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек,  миллатимиз тарихига нисбатан ҳурмат  руҳини оширишга қаратилган маънавий-маърифий тадбир юқори савияда ўтказилди. Унда филология фанлар номзоди, Халқаро “Антик дунё” ва “Турон” фанлар академияларининг  академиги, ТИҚХММИ матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов ҳамда ГИМ факультети “Гуманитар фанлар” кафедраси ассистенти Муқимов Баҳриддинлар иштирок этиб мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришди.

“Махсус фанлар” кафедраси бош ўқитувчиси Саида Жумагалдиева ва кафедраси жамоасига Раҳимбой ака ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирди. Коллеж директори Фирдавс Ҳасанович Тиллаевнинг ёш солиқчиларнинг таълимий ва тарбиявий жараёндаги ютуқлари кўпайишини тилади. Айни пайтда Р. Жуманиёзов коллежни битказувчи талабаларга таҳсилни муваффақиятли тугатганларидан сўнг институтимизга келиб қишлоқ хўжалиги тизимида энг етук кадр бўлиб, эл-юрт хизматига камарбаста бўлишларини тилаш асносида уларни ТИҚХММИга ўқишга таклиф этди. Тадбирда шу коллежнинг собиқ талабалари ҳозирда институтимизнинг пешқадам ва иқтидорли талабалари эканини таъкидлади. Битирувчиларни касбга йўналтириш борасида ибратли маслаҳат ва йўл-йўриқларини баён этди.

Тошкен солиқ коллежининг собиқ ўқувчилари ТИҚХММИ талабалари “ГМ” факультети 107 - гуруҳ талабаси Ҳасанов Азизбек, “СХТЭ ва Б”  104 - гуруҳ  талабаси Исроилов Мансур, “ҚСХЭТ”факультети 106 - гуруҳ талабаси Тўраев Сарварларни ўқувчи ёшларга намуна сифатида тилга олиб ўтди. Тадбирда уларнинг иштирок этаётгани ҳам аҳамиятли бўлди. Ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари Нурилло Баҳромович Розиқов тадбирни бошлаб бергач, уни давом эттирган Маънавият ва маърифат ишлар бўйича директор ўринбосари Дилшод Элмуродович Эшбобоев тадбирдаги иштироклари, ёшларга ватанпарварлик тушунчаларини Жалолиддин Мангуберди ва Темур Малик сиймосида ёритиб муфассал маълумот берганлари учун устозга самимий раҳматларини изҳор этдилар. Дилшод Эшбобоев коллеж директорининг имзоси билан тайёрланган ТАШАККУРНОМАларни топширар экан барчага омадлар тилади. Бундай маърифий тадбирлар сув булоқ кўзини очгани каби ёшларнинг онгу шуурига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаслиги аён. Тадбирда иштирок этган коллежнинг ўқитувчилари ва 3-курс ўқувчилари катта таассуротга эга бўлишганини эътироф этишди.

    "Гуманитар фанлар" кафедрасининг ассистенти Б.Муқимов ахбороти

     Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов