Президентимиз Мурожатномаси бўйича
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожатномаси 2020 йил учун мўлжалланган энг муҳим устувор вазифалар ҳақида билдирган фикрлари айни кунларда қизғин ўрганилмоқда. Жорий йилнинг 28 январь куни Ер ресурсларини бошқариш факультети 1-талабалар турар жойида Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова, “Ердан фойдаланиш” кафедраси катта ўқитувчиси С.Шарипов, “Геодезия ва геоинформатика” кафедраси мудири Р.Ойматов ва кафедрада фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар талаба-ёшларга Президент мурожаати бўйича тарғибот ишларини олиб борди.
Улар талабаларга 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилгани ҳамда Мурожаатномадаги: “Илм йўқ жойда тўғри йўлдан адашиш бўлади, илм, бу – бизга ҳаводек зарур, энг катта бойлик – ақл-заковат, энг катта қашшоқлик бу – билимсизликдир”, деган пурмаъно ўгитларни барчамиз англамоғимиз даркор. Зеро, янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, Ватан равнақи ва халқимиз фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши ҳақида аниқ маълумот бериб ўтди. Дархақиқат, режалар, ҳаракат ва фаолият бўлмаса, истиқболли режаларни амалга ошириш мушкул. Хусусан, Мурожаатномада таъкидлаб ўтилган алоҳида муҳим 17 та жиҳат, қабул қилиниши ва қайта ишлаб чиқилиши назарда тутилаётган 16 та қонун, шунингдек, кодекслар, концепциялар, дастурлар ҳамда стратегиялар – буларнинг барчаси она Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади. Албатта, бу жараён биз ёшлардан улкан масъулиятни, ташаббускорликни, дахлдорликни талаб этади. Давра суҳбати жуда қизиқарли ва савол-жавобга бой бўлиб ўтди. Мазкур давра суҳбатидан талабалар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
ЕРБ факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳуррият Эшова ахбороти
Институт матбуот хизмати Раҳимбой Жуманиёзов