Буюк зотнинг улуғ хотираси

Мустақил Ватанимизда олаётган ҳар нафасимизда шу юрт ҳурлиги учун ўз умрини бахшида этган инсонларни хотирламасликнинг иложи йўқ. Албатта, бу хусусида сўз борар экан, кўз олдимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов сиймоси гавдаланади. Айни кунларда Оқсарой қароргоҳи олдида қад ростлаган Биринчи Президентимиз ҳайкали ҳар доимгиданда кўпроқ одамлар билан гавжум, гулларга бурканган. Эрта тонгдан гуруҳ мураббийси Санобар Дўстназарова бошчилигида йўлга чиққан "Гидромелиорация" факултети 307-гуруҳ талабаларининг ҳам кўзлаган манзиллари айни шу томон бўлди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали қаршисига келган талабаларнинг кўзларида соғинч, дилларида эса шундай буюк зот барпо этган мамлакатнинг эртанги куни, ҳал қилувчи таянчи эканликларидан фахр ва ифтихор туйғуси мужассам эди. Ислом Каримов хотирасига бажо келтирилган ҳурматдан сўнг талабалар кўргазмалар залига, Ислом Каримов хотира музейига ташриф буюришди. Музейда тарихнинг олтин тасмаларига муҳрланган лавҳаларнинг барчасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг юзларида табассум, халқига муҳаббат, эртанги кунга бўлган ишончни кўриш мумкин эди.

Оқсарой қароргоҳидан чиққан талабалар Ўзбекистон давлат амалий санъат музейи томон йўл олдилар. Ушбу музейда ҳам Биринчи Президентимиз хотираси ва таваллудининг 83 йиллиги муносабати билан кўргазма ташкил этилган эди. Ко‘ргазма экспонантлари билан танишиш асносида талабалар ўзлари учун Биринчи Президентимизнинг янги қирраларини кашф этдилар. Бу ердаги ҳар бир асар тарихга дахлдор. Шу боис, бу ко‘ргазма халқимиз томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинишига ишончимиз комил.

ТИҚХММИ матбуот хизмати