Республикамизнинг “Зангиота” зиёратгохига ташриф
Талаба ёшларни аждодларимиз меросига юксак ҳурмат ва эътибор руҳида тарбиялаш мақсадида жорий йилнинг 30 март кунида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти «Қишлоқ хўжалигини механизациялаш» факультетининг 1-босқич 110-гуруҳ талабалари ҳамда гуруҳ мураббийи А.Бозорбоев бошчилигида Ўрта Осиёдаги ноёб обидалардан бири Занги ота номи билан машҳур бўлган Зангиота зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Ривоятларга қараганда, Занги ота чўпонларнинг пири «авлиё» қиёфасида гавдаланади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Занги ота Аҳмад Яссавийнинг муриди, сўфий шоир Сулаймон Ҳаким Боқирғонийнинг шогирди бўлган.
Занги отанинг бутун ҳаёти Мовароуннаҳр халқларининг энг оғир даврига тўғри келади. Зотан, XIII асрнинг 20 йилларида Мўғул истилочилари Мовароуннаҳрнинг энг йирик шаҳар ва қишлоқларини вайрон қиладилар. Оддий меҳнаткаш халқни эса қуллик исканжасига соладилар. Шундай оғир бир пайтда Занги ота ва унинг шогирдлари халқ оммасини қаҳрамонлик, ватанпарварлик, меҳр-шафқат каби энг олий умуминсоний ғоялар билан озиқлантирди. Занги отанинг бу хизматлари вақти келиб Амир Темур томонидан муносиб тақдирланди. Занги отанинг қабри устида мақбара қад ростлади. 1420 йилда эса Мирзо Улуғбек унинг устига ҳозирги пештоқни бунёд эттирди. Маълум вақт оралиғида ўз холига ташлаб қўйилган бу ёдгорлик мажмуи Давлатимиз Президенти ташаббуслари билан қайта тикланди. Ҳозирги кунда нафақат юртимиздан, балки хориж мамлакатларидан ҳам сайёҳлар келиб “Зангиота” мақбарасини зиёрат қилмоқдалар. Бундай маълумотга эга бўлган талаба-ёшларимиз кўтаринки руҳ ва хуш кайфият билан зиёратни якунладилар.
|
ЁБИБ бўйича декан муовини К.Усмонов ахбороти
ТИҚХММИ матбуот хизмати