Долзарб лойиҳа доирасидаги ҳамкорлик

Сувни тежаш, тақсимоти ва ичимлик сувини тозалигини сақлаш умумбашарий, умумжаҳоний муаммо. UzWaterAware лойиҳаси доирасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан биргаликдаги ҳамкорлик тадбирлари катта аҳамият касб этаётгани рост. ТИҚХММИ ҳудудида инновация ва илмий тадқиқотлар кластерини яратилиши шу йўлда ташланган муҳим қадам бўлди. Институтнинг иқтидорли талабалари билан Марказий Осиё минтақавий экологик марказ ҳамкорлигидаги Инновация кластеридаги учрашувлар, Аквапоника бўйича маъруза машғулоти самарали ҳаракатнинг натижадор баракати бўлгани рост. ТИҚХММИ томонидан ташкил этилган 22 март - Сув кунида МОМЭМнинг талабаларни тақдирлаш маросимида иштироки, Сув тежовчи технологиялар мавзусидаги талабалар учун ажратилган учта мини лойиҳа бўйича танловда баҳолаш жараёнида ТИҚХММИ профессор-ўқитувчилари иштирок этиши, институтга бириктирилган бир нечта мактабларда болалар учун таъсис этилган «Родничок»/«Булокча» журналини тарқатишдаги кўмаклашуви, ёзги мактаблар, лабораториянинг ташкил этилиши ва ишлаб чиқариш мутахассислари малакасининг оширилиши ҳамкорликнинг самарали ҳосиласидир.

UzWaterAware лойиҳаси доирасида сув тежайдиган экомарафонларга тайёргарлик жараёнида дарахтларни экишда сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш бўйича ТИҚХММИ мутахассисларидан маслаҳатлари асқотгани аниқ. Дарахтларни экишда “Гидрогел” технологиясидан фойдаланиш таклифи алоҳида эътиборга молик. Бу UzWaterAware лойиҳасини ривожлантиришда янги босқичга айланди, ушбу технология ҳудудларда экомарафон қатнашчилари томонидан қизиқиш билан қабул қилинди, улар орасида фермерлар, шаҳар ободонлаштириш хизмати мутахассислари, ҳокимликлар, маҳалла қўмиталари вакиллари ва бошқаларнинг борлиги ҳам қувонарлидир. 2019 йилда БМТ Тараққиёт дастурининг "Ўзбекистонни  қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларнинг барқарор бошқариш" дастури доираси "22 -март - Бутун жаҳон сув куни"га бағишлаб ташкил этилган Республика ОТМ ёшлари  учун танлов ғолибларига  UzWater Aware лойиҳаси томонидан 2та ноутбук иқтидорли талабаларга тақдим этилгани уларни келажакда ютуқларга янада илҳомлантирди. Тошкент-ситидаги Ҳилтон меҳмонхонасининг конференциялар залида 28, 30 октябр кунлари ташкил этилган Марказий Осиё минтақавий экология маркази томонидан Европа Иттифоқи кўмаги остида амалга оширилган "Ўзбекистонда сув ва экологияни барқарор ривожлантириш бўйича хабардорликни ошириш ва ҳамкорлик" деб номланган UzWaterAware лойиҳасининг якуний натижаларига бағишланган тадбир ниҳоясига етди.

ТИҚХММИ матбуот хизмати