Ҳарбий-техник билимларни пухта эгаллаш йўлида

Ёш авлод қалбида Ватанни севиш ва кўз қорачиғидек асраб-авайлашлари уларда ватанпарварлик туйғусини, мудофаа ҳиссини оширишдан бошланади. Бунинг учун уларда сиёсий сергаклик, ахлоқий фазилатлар, психологик сифатларни шакллантириш, ҳарбий-техник билимларни эгаллаш, талабаларнинг жисмоний такомиллашуви жараёнини ривожлантириш талаб этилади. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтида бундай йўсиндаги тизимли ишлар амалга ошириб борилмоқда.

Жорий йилнинг 30 октябрь куни ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмасида таҳсил олаётган “Гидромелиорация ва гидротехника иншоотлари” факультети талабалари билан Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юртида техник тайёргарлик бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди.  Машғулотлар Чирчиқ олий танк қўмондонлик муҳандислик билим юрти ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳарбий кафедрасининг кўп йиллик ҳаётий ва хизмат тажрибасига эга бўлган профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилди.

Машғулотлар давомида талабалар жанговар машиналар ва автомобил техникаларининг жанговар ва тактик - техник тавсифлари ҳақида маълумот берилиб, уларнинг жанговар имкониятлари билан таништирилди. Шунингдек, талабаларга жанговар ва автомобил техникаларининг куч қурилмаси агрегатларининг вазифаси, тузилиши, ишлаш тамойили уларнинг жанговар машина ва автомобил техникаларидаги жойлашган ўрни, техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация қилиш жараёнида  юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф қилиш, ушбу машиналарнинг двигателларини ўт олдириш, двигателга хизмат қилувчи агрегатлардаги ёқилғи мойлаш маҳсулотлари ва совитиш суюқликларининг сатҳини текшириш тартиби тушунтирилди.  

Машғулот раҳбарлари талабаларга Т-72 танкининг  жанговар, тактик-техник тавсифини ва техник хизмат кўрсатиш тартибини тушунтиришмоқда

Машғулот раҳбарлари талабаларга ПЖМ (пиёдалар жанговар машинаси)нинг  жанговар, тактик-техник тавсифини ва техник хизмат кўрсатиш тартибини тушунтиришмоқда

Машғулот раҳбарлари талабаларга Т-72 танкининг куч қурилмаси ҳамда назорат ўлчов асбобларининг вазифаси, тузилиши, ишлаш тамойили ва техник хизмат кўрсатиш тартибини тушунтиришмоқда

 

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳарбий кафедраси бошлиғи подполковник Р. Минлишев ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов