Clarivate Analytics ходимлари институтимизда семинар ўтказди

Жорий йилнинг 3 декабрь санасида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига Clarivate Analytics компанияси вакиллари ташриф буюришди. Ташрифдан асосий мақсад ёш олимлар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари натижаларини тўғри ва рейтинги юқори бўлган журналларда чоп эттириш, дунё эътироф этган илмий техник базалардан, жумладан, Web of Science базасидан самарали фойдаланиш, унинг таркибидаги журналларни тадбиқ қилишдан иборат эди. Шу муносабат билан, институтда семинар ташкил этилиб, унга институтнинг профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари таклиф этилди. Даставвал, компанияпинг таълим бўйича эксперти Инеш Кенжина сўзга чиқди ва Web of Science базасидан фойдаланиш ва унинг имкониятлари тўғрисида тақдимот қилди.

Тақдимотда у, Web of Science - бу илмий журналларда чоп эттирилган илмий мақолалар ва патент маълумотларини қидирув платформаси бўлиб, табиий фанлар, техник, ижтимоий, гуманитар ва санъат соҳасидаги материалларни ўз ичига олиши тўғрисида сўз юритди. Бундан ташқари тақдимот давомида, платформада библиографик маълумотларни қидириш, таҳлил қилиш ва бошқариш учун ўрнатилган имкониятлар мавжудлиги тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди. Унинг тарихига назар соладиган бўлсак, у 2016 йилгача Thomson Reuters компаниясига тегишли эди ва шу ном билан дунёга машҳур эди. Айнан шу йилнинг 3 октябрь санасидан бошлаб мутлақо мустақил бўлган Clarivate Analytics компанияси томонидан бошқарилиб келинмоқда.

Web of Science ўз ичига  Web of Science Core Соllection, Current Contens Connect, BIOSIS Citation Index, Data Citation index ва KCI-Korean Journal Database каби базаларини олади. Бундан ташқари унинг турли хил аналитик тизимлари мавжуд бўлиб, улар турли илмий ишларни таҳлил қилишда фойдаланилади деган мулоҳазалар билан Инеш Кенжина ўз тақдимотини якунлади. Тақдимотдан сўнг сўз навбати Web of Science нинг Москвадаги офиси эксперти Павел Касьяновга берилди. Унинг тақдимотида компаниянинг аналитик тизимларидан бири бўлган InCites платформаси тўғрисида сўз юритилди. InCites Benchmarking & Analytics - бу бизнинг тадқиқот стратегиянгизни ишлаб чиқишга ёрдам беришга мослаштирилган ва веб саҳифага асосланган тадқиқотни баҳолаш воситаси.

 InCites Benchmarking & Analyticsбизга институционал самарадорликни таҳлил қилиш, ҳамкорлик фаолиятини кузатиш, нуфузли тадқиқотчиларни аниқлаш, кучли томонларини намойиш этиш ва бошқа имкониятларни аниқлашга имкон беради, дейди Москвалик халқаро эксперт. Семинар якунида иштирокчилар ўзларининг кўплаб саволларига, хорижлик экспертлар томонидан аниқ ва тушунарли, маълум бир мисоллар асосида изоҳланган жавоблар олдилар. Шу билан бирга компания ходимлари мазкур базалардан вақтинчалик бепул фойдаланиш ҳуқуқини берилганини эълон қилдилар. Эндиликда институт профессор-ўқитувчилари мазкур базалардан тест режимида фойданишлари мумкинлиги айтиб ўтилди.

 

Халқаро рейтинг фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Ғиёсиддин Ғозиев ахбороти

Институт матбуот хизмати раҳбари Раҳимбой Жуманиёзов