Миллат танламас иллатларнинг илдизлари
5 - апрель куни институтимизда ёшлар онгу шуурига таъсир этувчи радикализм, миссионерлик, прозелитизмнинг моҳияти борасида талабаларга атрофлича маълумот берилди. Тадбирда Рус Православ черковининг вакили Шковородюк Олег Степанович ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг профессори, психология фанлари доктори Умаров Баҳриддин Менгбоевичлар иштирок этиб мавзу юзасидан етaрли маълумотлар беришди.
Миссионерлик – бирор динга эътиқод қилувчилар орасида бошқа бир динни тарғиб қилиш йўли билан жамиятда тарафдорлар сонини кўпайтиришни мақсад қилган оқим. Улар шу орқали кишилар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиб, ишонч ва эътиқодидан воз кечишга олиб келади.
Шунингдек, миссионерликнинг энг юқори чўққиси – прозелитизм бўлиб, бирон-бир динга ишонган кишини ўз динидан мажбуран воз кечиши ва ўзга динни қабул қилишига мажбурлашдир. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади. Буларнинг бари юрт тинчлигини бузиш, инсон ҳаловатини йўқотишга қаратилган ғаразли мақсадлардир. Аслини олганда ҳар қандай соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини марказида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди.
Яхшилаб эътибор берсангиз, камера қаршисида ўзини хокисор тутиб, «халқимдан, президентимдан кечирим сўрайман» деб ўтирган ана шу радикалларнинг аксари аввал умуман динни билмаган одамлар. Тарихини эшитсангиз, диний илм оламан деб ёмон «қўлларга» тушиб қолган ёки пул ваъда қилишгани учун шу йўлга кирган бўлади. Мўътадил Исломни қидириб, радикал Исломга йўлиқади. Олтин ўрталик деган тушунчанинг моҳияти катта. Динда ғулув кетмаслик, чуқур кирмаслик зарур. Бу эса ихтилофга сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришди. Тадбир ниҳоясида талабаларнинг саволларига жавоб берилди.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов