“ҲАЗРАТИ-ИМОМ” мажмуасига ташриф
Жорий йилнинг 5 ноябрь куни "Гидромелиорация" факультетининг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Х.Тўйчиев ўзининг 206-мураббийлик гуруҳи билан биргаликда Тошкентнинг эски маҳалласи Себзорда асрлар бўйи қурилиб келган тарихий-меъморий обидаларнинг тўлиқ мажмуасидан иборат бўлган Ҳазрати Имом майдонига ташриф буюрдилар. Мажмуа ҳақида маълумот беришларича, бу олдин Шош деб аталган шаҳар маркази бўлган. Тарихий бинолар ансамбли исломнинг Тошкентдаги биринчи имоми ва тарғиботчиси Қаффол аш-Шоший мозори атрофида пайдо бўла бошлади ва майдонга "Ҳазрати Имом " номи берилган.
Қаффол аш-Шоший мақбараси ёнида Имом ал-Бухорий номидаги Ислом институти жойлашган. У XIX асрда қурилган ва ганчли миллий нақш ҳамда жимжимадор ёзув билан безатилган собиқ Намозгоҳ байрам масжидининг биносида жойлашган. Институт 1970 йилда қурилган ва мусулмонлар дунёсида обрўли ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Мадрасани тугатган ва ўзларини Оллоҳ хизматига бағишламоққа қарор қилган ёшлар, тўрт йил мобайнида Ислом институти деворлари ортида илоҳиёт, адабиёт, тарих ва араб тилидан таҳсил оладилар.
Ҳазрати Имом мажмуасига Ўзбекистон мусулмонлари Диний бошқармаси биноси ҳам киради. Ундан сал нарида XIX асрда кўҳна пойдевор устига қурилган ва бир неча бор қайта таъмирланган Жума-Масжид жойлашган. Унда жума намозларидан ташқари никоҳ маросимлари ҳам ўтказилади. Унинг қаршисида ўттиз мингдан ортиқ диний ва дунёвий китобларга эга Диний бошқарма кутубхонаси жойлашган. Уларнинг орасида Диний бошқармага чет эл ислом мамлакатлари раҳбарлари томонидан ҳадя этилган икки мингта нодир китоблар, шу жумладан жуда чиройли расмлар билан бой тарзда безатилган XVI аср бошлари қўлёзмалари, хаттотликнинг ноёб намуналари, Қуръоннинг бой безатилган нашрлари бор. Кутубхонанинг алоҳида хонасида мусулмонлар кўриши учун қўйилган Муқаддас китоб - Усмон Қуръони алоҳида қимматга эга.
Ҳазрати Имом майдонида бизнинг замонамизда Марказий Осиё меъморчилигининг энг яхши анъаналаридан фойдаланиб қурилган, мовий гумбазлари ярқираб турган Жоме жума масжиди туради. Масжидга Қорасарой тарафдан киришни ҳар бири 56 метрли иккита минора ўраб туради.
Ҳазрати Имом комплекси 1000 йиллардан ортиқ Ўзбекистонда ислом маданияти маркази бўлиб қолмоқда.
"Гидромелиорация" факультетининг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари Х.Тўйчиев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов