Нафосат ва назокатнинг нишони
Қалбларнинг қувончи ва кўнгил хотиржамлигига боис, нафосат, назокат ва гўзаллик тимсоли уларнинг номи билан боғлиқ. 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ушбу сўзлар, истаклар мағрур жаранглайди. Негаки, она, опа - сингил ва лобар қизларимиздан таркиб топган наслий яқинликни ифода этувчи зоти шарифалар борлигимиз ва борлиғимизга нишондир. Оилада, маҳаллада, таълим муассасасида, меҳнат жамоасида уларнинг ўрни алоҳида моҳият касб этади. Ҳаммамиз орзиқиб кутган мана шу гўзал баҳор кунларида, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида ТИҚХММИ нинг маданият саройида ана шу қутлуғ санага бағишланган катта тантанали маънавий тадбир ташкил этилди. Унда институтимизнинг гўзал талаба қизлари ва аёл профессор ўқитувчилари билан биргаликда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, пойтахтдаги 527 ва 142 - ўрта мактаби ўқитувчи ва иқтидорли ўқувчилари, шунингдек, Лашкарбеги, Ҳамид Олимжон, Дархон, Мирзакалон Исмоилий, Асака, Мустақиллик маҳаллаларидан ташриф буюрган фаол ва фахрия аёллар иштирок этишди. Ушбу байрам бугун нафақат юртимизда, балки дунёнинг барча бурчакларида жуда кенг нишонланмоқда.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти эрта тонгдан институтимиз ёшлар иттифоқи Бошланғич ташкилоти томонидан 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан институтимизнинг барча аёл ва дилбар қизларимизни байрам табриги сифатида кутиб олишди. Ушбу байрамда таклиф этилган барча аёлларимизни институмизнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Р.Чориев байрам тадбири сифатида эҳтиром билан кутиб олдилар ва гуллар ва совғалар билан муборакбод этдилар. Шундан сунг аёлларимиз учун таёрланган видеоролик барча йиғилганларни эътиборини тортди. Сўнгра доира чилдирмаси садосида байрам тадбири бошланиб кетди.
Тадбир бошловчилари даставвал, даврани очиш учун институтимиз ректори, профессор Умурзаков Ўктам Пардаевични микрофон қаршисига таклиф этдилар. Ректоримиз барча опа - сингил ва дилбар талаба қизларни байрамлари билан самимий табриклаб, уларга ҳаётий ва ижодий фаолиятларида куч-қувват ҳамда омадлар ёр бўлишини тиладилар. Улар ўз табрик нутқларида бу қутлуғ айёмда ҳурматли хотин-қизларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз, дея таъкидлаб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевниг аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келши ҳақидаги мулоҳазаларини эслатиб ўтдилар.
Айниқса меҳмон санъаткорларимиз Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Турғун Бекназаров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Александир Бекчанов, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Мехрихоним Бекчонова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Авазбек Олимов, "Шарқ" гуруҳи, ҳамда "Ниҳол" давлат мукофоти совриндори ажойиб хонанда Лобар Умаровалар ижросида айтилган қўшиқлар барча аёлларимизни мафтун этди. Шунингдек, талаба-ёшларимиз ижросида саҳнада кўринишлари ҳам намойиш этилди. Нафақат талаба-ёшларимиз Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Одинахоним Ғозиева ҳамда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқа театри актрисаси Дилноза Саидова ижросида саҳналаштирилган “Жайдари келин” спектакли барча аёлларимизга кўтаринки руҳ бағишлади. Улуғ донишмандлар Ватанга энг муносиб таъриф излаганда, уни Она сиймосига қиёс этганларида катта маъно бор. Дунёда «муқаддас» деган сўзга энг муносиб зот ҳам – Онадир. Ушбу байрам тадбирида ташриф буюрган эл ардоғидаги ҳалқимизнинг севимли саъаткорлари, мунис онажонларимиз ҳақида гўзал қўшиқлар ижро этиб, барча аёлларимизни рақсга таклиф этишди.
Сўнгра байрамона концерт дастури ана шундай темпда давом этди. Дунёдаги энг буюк санъат асарлари, қўшиқ ва қасидалар, меъморий обидалар аёллар шаънига бағишлангани бежиз эмас. Қўшиқ ва рақсларда ана шу руҳ ва шукуҳ ҳукм сурди. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки ҳаётимизнинг гўзаллиги ва мазмуни, хонадонларимизнинг саранжом-саришта, обод ва нурафшонлиги уларнинг меҳри боис.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи ва хизматчиларнинг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1 минг 400 га яқин опа-сингилларимиз раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Ҳатто, бу кўрсаткични институтимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Профессорлар Исмоилова Зуҳра Карабаевна, Газиева Рано Тешабаевна, Ўлжаева Шоҳиста Мамажоновна, доцентлар Сангирова Умида Равшановна, Киличева Феруза Бешимовналарнинг кафедра мудираси сифатидаги раҳбарликлари ва фаолиятлари таҳсинга лойиқ. Икрамова Малика Рахимбердиевна, Дурдона Мустафоева, Зулфия Мирхасилова, Жамила Хайитбаева, Фарида Юсупова, Турсуной Апакхужаеваларнинг илмий унвон ва даражаларга эришганликлари жамоамизнинг фахри ва ютуғидир. Президентимиз ташаббуслари билан таъсис этилган “Мўътабар аёл” кўкрак нишони бугун Тошкент шаҳридан муносиб деб топилган мунис аёлларга тантанали равишда топширилганидан воқифмиз. Ушбу нишон билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Педагогика, психология ва ўқитиш методикаси кафедраси” профессори Исмаилова Зухра Карабаевна ҳам тақдирланганини ректоримиз алоҳида эътироф этиб бир гуруҳ фаол аёлларимизга эсдалк совғалари ва пул ютуқларини топширдилар.
Республикамиз миқёсида оладиган бўлсак, ўнлаб опа-сингилларимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон фан арбоби”, “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон халқ артисти” сингари давлатимизнинг юксак фахрий унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлганидек, Гендер тенглигининг амалдаги ифодаси ўрнида Олий Мажлис ва Қонунчилик палатасига сайловларда депутатликка, сенаторликка хотин-қизларимизнинг муносиб кўрилганлиги ҳам юқоридаги мулоҳазаларимизнинг тасдиғидир.
Президентимиз ҳудудларга борганларида шаҳар ва туманларимизда барпо этилаётган янги боғчалар, улардаги шароитлар билан танишишга алоҳида эътибор беришлари, бундай ишлардан оналар, аёлларимиз, жажжи фарзандларимиз мамнун бўлаётганларини ҳис этишлари бежиз эмас Институт маданият саройидаги байрамона мусиқий дастур барчада илиқ таассурот қолдиргани аниқ. Дилтортар қўшиқлар, жозибадор рақслар, саҳна кўринишлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Айниқса, дастур бошида чиқиб 6 ёшли Амуршоҳимнинг жуфтликда қўшиқ ижро этиши барчани бирдек шод этди. Институтимизда таҳсил олаётган талаба қизларимизнинг аксарияти таълим, маънавият, спорт бўйича республика миқёсида катта ютуқларга эришаётгани ҳам бизни хурсанд этмасдан қолмайди. Буларнинг замирида аввало, давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар, қолаверса, интилиш, изланувчанлик ва матонат мавжуд.
Байрам тадбирини юқори савияда ўтказилишига ўз ҳиссасини қўшган барча иштирокчиларга, хусусан, институт Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Р.Чориев, "Ер ресурсларини бошқариш" факультети декани Ш.Нарбаев, факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ҳ.Эшова, факультет профессор-ўқитувчилари Сарвар Абдурахмонов, Вахобжон Ахмадалиев, Шухрат Лакаев, саҳналаштиривчи режиссор Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқа театри актёри Бозорбек Холмуминовларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Дарҳақиқат, Онани аёлларни эъзозлаш– бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Чунки аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни Ватанимизни эъзозлаган бўламиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.
ТИҚХММИ матбуот хизмати