Тошкент — жаҳон китоблар пойтахти
Шу йилнинг 2-4 октябрь кунлари «Узэкспомарказ»да Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилган «TASHKENT BOOK FEST – 2019» I Тошкент Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда китоб тақдимотлари, ёзувчи-шоирлар иштирокидаги ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, тренинглар ўтказилди. Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар учун бир қанча акция ва танловлар ҳам ташкиллаштирилди. Талабаларимизни китобхонлик ва китобсеварлик фазилатларини янада юксалтириш мақсадида ”Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари“ кафедрасининг 409-гуруҳ талабалари билан ижодий учрашувларда иштирок этдик. Шулар жумласидан «Аудиокитоб» лойиҳаси доирасида тайёрланган илк маҳсулот — Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романининг аудиоверсиясидан парча тақдим этилиши талабаларимизда алоҳида қизиқиш уйғотди. Кўргазма дастуридан болажонлар учун ҳам қизиқарли лойиҳалар ўрин олди, мушоиралар, интеллектуал ўйинлар, адиблар билан ижодий учрашувлар, хаттотлик ва тасвирий санъат машғулотлари ташкил этилди. Тадбир давомида фаол иштирок этган Асомиддин Пирмамадов ва Шаҳбоз Ғуломовларга гуруҳ мураббийи А.Давиров томонидан эсдалик сифатида китоб совға қилинди. Ушбу маданий тадбирга ташриф буюрар эканмиз, китоблар ва китобхонлар, ижодкорлар оламининг ёқимли, шу билан бирга жўшқин манзарасига гувоҳ бўлдик. Тақдим этилаётган асарларнинг аксарияти ўзбек китобхон талабаларининг қизиқишларига мос эканлиги, адабиётларнинг хилма-хиллиги бизни яна ҳам қувонтирди.
“Электр таъминоти ва қайта тикланувчан энергия манбалари" кафедраси ассистенти Алишер Давиров ахбороти
Институт матбуот хизмати раҳбари Р.Жуманиёзов