Китоб совға қилиш анъанага айланди
Мамлакатимизда навқирон авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтириб, уларнинг илм-фан сирларини чуқур эгаллашига, китоб билан дўст тутиниб, маънавий соғлом вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда.
Барчамизга маълум, жорий йилнинг 19 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида китоб мутолаасига қизиқишини ошириш масаласи кенг муҳокама қилинган эди. Йиғилишда Президентимиз ҳар бир раҳбар ўз шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бундай эзгу ташаббус китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилиши, фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган эди.
Президентимизнинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда жорий йилнинг 2 апрель куни "Гидромелиорация" факультети декани А. Фатхуллоев ўзи таҳсил олган Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги 44-сонли умумтаълим мактабига китоблар совға қилди. Дарҳақиқат, китоб — инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавий дунёсининг ривожланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб, етуклик сари илдамлайверади.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов