Магистрлар дипломларини қабул қилдилар
Жорий йилнинг 6-июнь куни магистрларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимга магистрантларнинг ота-оналари, институт профессор-ўқитувчилар, ҳамда соҳанинг етакчи корхона ва ташкилотлари раҳбарлари таклиф этилди. "Бу йилги битирувчиларнинг магистрлик диссертацияларини юқори даражада тайёрланганлиги Давлат аттестацияси Комиссияси томонидан алоҳида эътироф этилди" дейди институт ректори профессор Ў.Умурзаков — Айниқса, 18 га яқин магистрлик диссертацияларининг чет тилларида ҳимоя қилинганлиги эътиборга сазовордир.
Магистратура бўлими бошлиғи профессор А.Янгиев сўзга чиқиб, магистрларга институт ректорининг магистрлик даражасини бериш бўйича буйруғини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг бирма-бир магистрантлар ўзларининг икки йиллик машаққатли меҳнатлари самараси бўлган магистрлик дипломларини тантанали равишда қабул қилиб олдилар. Филология фанлари номзоди Р.Жуманиёзов битирувчиларга ўз табригини йўллаб, институтда таълим олиб ҳозирда бизнинг фахримизга айланган инсонлар ҳақида гапириб ўтдилар. Тантана давомида ота-оналар сўзга чиқиб магистрантларни бугунги илм остонасидаги дастлабки қадамлари билан, профессор-ўқитувчиларни эса бугунги шогирдларининг ютуқлари билан табрикладилар. Битирувчи магистрлардан Э.Озодов ва С.Холовалар барча магистрларни тантана билан самимий қутлаб институт АРМ га битирувчи магистрлар номидан 40 дан ортиқ бадиий китобларни туҳфа этдилар.
Магистратура бўлими бошлиғи А.Янгиев ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов