Устозлар тажрибаси - ёшлар келажаги гаровидир

Ҳозирги кунда ёшларни илмий салоҳиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида юртимизда кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Айниқса, ёш олимлар, ўз илмий фаолиятини эндигина бошлаётган тадқиқотчиларни жаҳон эътироф этган маълумотлар базаларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган давра суҳбатлари, семинар-тренинглар уларнинг дунёга танилишларида, қолаверса ўзлари фаолият олиб бораётган ОТМнинг халқаро тан олинишига замин бўлиб хизмат қилмоқда

Бугун ҳам институтимизда ёшларни илмий ишларини тўғри ташкил этишлари, илмий иш натижалари соҳага мос бўлган импакт фактори юқори бўлган илмий журналларда чоп эттиришларида, кўп йиллардан буён салоҳияти ва обрўси жиҳатидан олдинги ўринларда турувчи маълумотлар базаларида ўз илмий мақолалари билан фаол бўлиб келаётган институтимизнинг Олий математика кафедраси мудири проф. Худоёров Бахтиёр Алимович иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Шуни айтиш керакки, устознинг мазкур йилда Science Direct халқаро маълумотлар базаси таркибидаги журналларда 2 та илмий мақолалари чоп этилди ва бу ўз навбатида Elsevier компаниясининг Марказий Осиё бўйича директори А.Оспанова томонидан ҳам эътироф этилиб, компаниянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам ёритилди.

Б.А.Худоёров ўзининг “SCOPUS, Web of Science маълумотлар базалари рўйхатидаги журналларда илмий мақолалар ёзиш бўйича” тавсиялари билан  тадбирда иштирок этган институтимизнинг ёш олимлари, докторантлари билан ўз тажрибасини алмашди.  

         

Тажриба ва кўникмаларидан келиб чиқиб, Scopus ёки Web of Science маълумотлар базалари таркибидаги журналларни ҳар бир тадқиқотчи ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда устоз келтириб ўтган веб саҳифа ёрдамида излаб топиши, аксарият журналлар талаб қиладиган ҳар бир майда жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда ўрганиб қолганимиздек, илмий мақолани маълум бир журналга бераётганимизда бир хил адабиётлар рўйхатидан фойдаланаётганимиз ёки кўплаб адабиётларнинг илмий эскилиги, тавсия этилаётган илмий ишнинг журнал таҳририяти томонидан салбий баҳоланишига олиб келиши, чоп этишга тавсия этилаётган илмий иш натижаси, тақдим этилаётганида тақризчиларнинг тўғри кўрсатилиши мақоланинг қисқа муддатларда журнал саҳифасидан ўрин эгаллашига сабаб бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Мазкур тавсия кўринишида ўтган тадбирда, тадбир қатнашчиларида катта қизиқишлар уйғонди ва берилган саволларга устоз томонидан тушунтиришлар берилди.

 

 

Институт Халқаро рейтинг фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Ғ.Ғозиев ахбороти