Илк қадам кутубхонадан бошланди

Институтга орзу-истаклар билан қадам қўйиб, ўз билимларини синовдан ўтказиб талаба бўлишдек шарафга эришган бир гуруҳ ёшларнинг қувончи бугун чексиз. Улар куни кеча Ректоримиз Ў. Умурзаковнинг табрикларидан руҳланиб, ўзлари таълим оладиган институт билан танишишни дилига туккан эдилар. Бугун биринчи босқич талабаларидан айрим гуруҳлар биринчи қадамини институт ахборот ресурс марказидан, институт кутубхонасидан бошлашди. Улар бирин-кетин ўз курси раҳбарлари билан АРМга қадам ранжида қилишди.

ҚХМ факультети “Трактор ва автомабиллар” кафедраси доц. т.ф.н И.Р Нуритов раҳбарлигидаги  105- гуруҳ талабалари,  ГМ факультети “Ирригация ва мелиорация” кафедраси асс. Дилбар Абдураимова (схм) раҳбарлигидаги 103- гуруҳ талабалари, ГМ факультети “Гидрология ва гидрогеология” кафедраси асс. Д. Қувватов (ДСОГ) раҳбарлигидаги 108- гуруҳ талабалари,  ГМ факультети “Ирригация ва мелиорация” кафедраси асс. Ш. Мардиев (схм) бошчилигидаги 102- гуруҳ талабаларига маълумот берилди.

Сўнгра ректоримиз ташаббуси билан очилган ГМ факультети “Гидромелиорация йўналиши сув хўжалигида инновацион технологиялари улардан фойдаланиш” йўналиши 107-гуруҳ талабалари мураббий асс. Санобар Дўстназарова раҳбарлигида келиб “Китобимиз – хитобимиз” мавзуидаги суҳбатдан баҳраманд бўлишди.

Уларга институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов инсон ҳаётида китобнинг ўрни борасида қимматли мулоҳазаларини билдирди. Кутубхона уларнинг билимларини ошириш ва мустаҳкамлаш учун муҳим маърифий маскан эканлигини эътироф этди. Сўнгра ҳар куни дарс машғулотларидан олдин ёхуд кейин кутубхонага келишни канда қилмайдиган талаба албатта аъло баҳолар билан ўқиши ва институтимз фахрига айланиши борасида сўз юритди.

Институтда талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва синашга қаратилган “IQ-SHOU” мусобақавий дастурида ғолиб жамоа бўлиш учун ҳам китоб титкилаш, ўқиш зарурлигини уқтирди. “Ибратли, ижодкор инсонлар” рукнида таниқли шахслар, олим ва санъаткорлар билан мунтазам равишда ижодий мулоқотлар ўтказиб турилишини ҳам қайд этди. Бу эса сизларнинг қизиқиш доирангизни янада кенгайтиради.

Билим манбаи китоб, уни севиш ҳақидаги улуғ ҳақиқатни биламиз. Шундай экан, китобга ошналик - маърифатга ташналик демакдир. Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳақли равишда “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам миллатнинг ҳам келажаги йўқ”, - дея бежиз айтмаганлар. Китоб мутолааси инсонни камолотга, кенгқамровли билимга етаклайди. Олам ва одам сирларини англашдек маънавий эҳтиёж ҳам асли китобдан. Ҳар қандай юртнинг иқболи ва порлоқ истиқболи ҳам, китобхон ва маърифатли халқи билан эканлиги ойнадек равшан. Саводхон ва маънавиятли инсонларгина ўз мамлакатининг ривожланишига муносиб ҳиссасини қўша олади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам худди шу мақсадга йўналтирилган. Президентимиз ҳар бир ёш авлоднинг келажаги учун қайғуришлари асносида барчани оммавий китобхонликка даъват этиши энг хайрли иш ва маърифий мақсаддир. Уларнинг ташаббус ва ташкилотчиликларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўзлари  таҳсил олган ва фаолият юритган мазкур таълим муассасасида “Китоб дунёси” номли китоблар хазинаси, айтиш мумкинки, китоб дўкони бугундан ишга туширилади. Буни айни пайтда, юқорида қайд этилган қарорнинг ижросини таъминлаш борасидаги саъйи ҳаракатларимиздандир.

Ректоримиз ташаббуси билан янги ўқув йили олдидан сизларга туҳфа сифатида очилаётган “Китоблар дунёси” ҳам сизнинг руҳий-маънавий эҳтиёжингизни қоплашга, ақлий, яъни интеллектуал салоҳиятингизни оширишга хизмат қилади. Бу ерда турли соҳага дахлдор илмий, назарий китоблар ҳам, турли нашриётларда чоп этилган публицистик ва бадиий адабиётлар ҳам ўрин олган.

Мутолаадан мақсад мулоҳаза ва мушоҳада, ўқишдан мақсад уқишдир. Англаб, фикр юритиб ўқилган китобнинг инсон учун ўзлиги ва сўзлиги учун қиймати чексиз. Шунинг учун ҳам Дени Дидро “Кимки китоб ўқишдан тўхтаса, билингки, у фикрлашдан ҳам тўхтабди”, - деган эди. Инсоннинг тафаккури ва нутқининг ўсиши ҳам китоб мутолаа қилиши билан боғлиқ. Ўз нутқини эмин-эркин етказиш, нотиқлик маҳоратини эгаллаш ҳам китоб ўқишдек завқ-шавқдан туғилади. Китобхонгина эмас, балки китобсевар бўлиш ҳар бир талаба учун фарзу қарз.

 

 

“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти