Қардошлик маънавияти
Теран томирлари туташиб кетган, матлаби, мақсади, маслаки, ниятлари муштарак бўлган ўзбек ва озарбайжон халқларининг дўстлиги узоқ даврларга бориб боғланади. Низомий Ганжавийдан илҳомланган ҳолда туркий тилда илк “Хамса”ни ёзган Алишер Навоий озарбайжоннинг буюк мутафаккири, муқтадир шоир Низомий Ганжавийни ўзига устоз санагани тарихдан маълум. Адабий-маданий алоқалар узоқ асрларга бориб боғлангани сингари ижтимоий - иқтисодий муносабатлар ҳам ҳар иккала қардош халқнинг тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилгусидир.
Жорий йилнинг 12 сентябрида институтимизда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон миллий маданият маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган маънавий-маърифий концерт дастури талабаларимизга анча хуш келди. Тадбирни институтнинг Ёшлар масаласи бўйича проректори Қодиржон Шовазов кириш нутқи билан очиб бердилар. Давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан уйғун ҳолда ташкил этилган ушбу тадбирда Озарбайжон миллий маданият марказининг раҳбари Самир муаллим ҳам иштирок этиб сўзга чиқди. Ҳар иккала қардош халқнинг дўстлиги борасида самимий табрик ва дил изҳорларини билдириб ўтдилар.
Сўнгра озарбайжонлик қардош санъаткорлар ижросида концерт дастури бошланди. Куни кеча Президентимизнинг ташаббуси билан Шаҳрисабзда ташкил этилган Халқаро “Мақом” фестивалида биринчи мукофотнинг соҳибаси сифатида эътироф этилган Нигархоним Шабанованинг тадбирда қатнашиши кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. У ўзининг лирик ва мақом йўлидаги қўшиқлари билан даврага файз киритди. Айниқса, Озарбайжон халқ артисти Гуляноқ Мамедованинг дилтортар ашулалари барчани даврага рақсга чорлади. 2017 йили Ўзбекистонда ўтказилган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалининг Гран-при нишондори Соҳиб Подшозода, Бокудаги “Халқаро муғом”фестивалининг ғолиби Абгул Мирзаалиевларнинг чиқишлари, санъаткорлик маҳорати ҳаммани ҳайратга солди. Кўчатхонимнинг озарбайжон гўзал қизларидан таркиб топган ижодий дастасининг жозибадор рақси тадбирга янада кўтаринкилик бахш этди. Байрамона руҳда ўтган ушбу тадбир барчада илиқ таассурот қолдиргани аниқ.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов