Халқаро рейтингга илк қадам

Тажриба алмашувлар, янги лойиҳалар бўйича ўзаро манфаатли фикрлашиш, янги истиқболли режаларни белгилаш ривожланган давлатлар тараққиётининг таъминловчи омиллардандир. Бунинг учун тақдимот, тарғибот ва ташвиқотнинг роли катта. Институтимизга ташриф буюрадиган хорижлик илм-фан мутахассислари билан ҳамкорликнинг авж палласи кейинги икки йил мобайнида алоҳида аҳамият касб этиб, ижобий маънода илдамлашимизга боис бўлди. Чунки, фақат илм – фан орқалигина барча жабҳаларнинг ривожини тасаввур қилиш мумкинлигини Президентимиз ўз чиқишларида қайта-қайта уқтиришлари бежиз эмас.    

“Халқаро академик ва талаба мобиллигининг истиқболлари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги институтимизда ташкил этилган семинар ҳам худди шу мақсадларга қаратилгани билан характерланди. Унда пойтахтимиздаги олий таълим муассасаларининг мутасадди ходимлари қатнашишди.

Тадбирни Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Т. Султанов очиб берди. Сўнгра сўз навбати Жаҳон университетлари рейтинги (QS WUR) нинг шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Зоя Зайцевага берилди.

Зоя Зайцева Бутунжаҳон универститетлари рейтинги борасида қиёсий жадваллар билан мухтасар маълумот бериб ўтди.

QS World University Rankings (Бутунжахон универститетлари рейтинги) Quacquarelli Symonds (QS) томонидан эълон қилинадиган ҳар йиллик университетларнинг рейтинги бўлиб, Times Higher Education–QS World University Rankings номи билан бизга маълум. QS кейинчалик, ўзининг рейтинглари методологиясини яратиб университетларнинг йиллик рейтингларни эълон қила бошлади. Ҳозирда QS 5 та мустақил минтақавий (Осиё, Лотин Америкаси, Европа ва Марказий Осиё ҳамда Араб мамлакатлари ва БРИКС) рейтингини эълон қилиш билан бир қаторда  глобал тарздаги умумий ва соҳалар бўйича рейтинглар (яъни, 48 та соҳа ва 5 та турли хил факультетлардан иборат энг яхши университетлар)ни ўз ичига олади.

Сўнгра Elsevier компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Алия Оспанова ўз тақдимотида Scopus халқаро илмий-техник маълумотлар базаси ҳақида тўлиқ маълумот берди.

Тадбир тугагач, хорижлик экспертлар институт ректори Ў. Умурзаковнинг қабулида бўлишди. Суҳбат жараёнида ҳамкорлик ва истиқболли режаларни кенг йўлга қўйилиши ва уни динамик тарзда ривожлантириш борасида келишиб олинди. Меҳмонларга институтнинг рамзий эмблемаси туширилган эсдалик совғалари ҳам тортиқ қилинди.

Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий – педагог кадрлар тайёрлаш бўлими ходими Ғиёсиддин Ғозиев ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов