Халқаро сув хўжалиги

2017 йил 18-19 декабрь кунлари Тошкентда Халқаро сув ҳуқуқининг асосий тамойиллари ва трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича халқаро ҳамкорлик механизмлари муҳокамасига бағишланган икки кунлик ўқув семинари ўтказилди. Тадбир АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID), Марказий Осиё Минтақавий Экологик Маркази (МОМЭМ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг (ҚСХВ) “Сув, таълим ва ҳамкорлик” (Smart Waters) қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Халқаро сув ҳуқуқи бўйича халқаро эксперт, Данди университети профессори Сергей Винаградов асосий маърузачи бўлган икки кунлик ўқув семинарда сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасида минтақавий ҳамкорликда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари йиғилди.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтидан “Экология ва сув ресурсларини бошқариш” кафедраси мудири, т.ф.д., профессор – Салохиддинов Абдулхаким Темирхўжаевич, “Назарий ва қурилиш механикаси” кафедраси мудири, т.ф.д., профессор – Мирсаидов Мирзиёд Мирсаидович, “Экология ва сув ресурсларини бошқариш” кафедрасидан — профессор Исмоилхўжаев Баходирхўжа Шарипхўжаевич, катта ўқитувчи Бойиров Равшан Қутбиддиновичлар, “Гидротехника иншоотлари” кафедраси доценти – Рахматов Норқобул ҳамда 2-босқич магистранти — Мирзақобулов Жаҳонгирмирзо Бахтиёржон ўғли иштирок этдилар.

Ўқув семинар давомида глобал сув конвенциялари ва уларнинг Орол денгизи ҳавзасида қўлланилиши, трансчегаравий сув оқимларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида процецуал мажбуриятлар ва ахборот алмашиш механизмлари, шунингдек, трансчегаравий сув оқимларида сув хўжалиги объектларини ишлатиш билан боғлиқ долзарб масалалар очиб берилди. Икки кунлик ўқув семинари якунида иштирокчилар сертификатлар билан тақдирландилар.

Жорий йилнинг 20 декабрь куни эса ТИҚХММИда “Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик” лойиҳаси вакиллари иштирокида алоҳида докторантлар, ёш тадқиқотчилар ва магистрлар учун халқаро сув ҳуқуқи бўйича ўқув семинар ташкил этилди.