Адабиёт - тараққиёт кўприги

Ҳар қандай нарса-ҳодисанинг ўз ўлчови бўлгани каби ҳаётнинг ҳам, тараққиётнинг ҳам муҳим ва муқим мезонлари бор. Биз уни англай олмай, сезмай қоламиз баъзан. Биз ҳаёт ҳақида қайғурамиз, уни гўзал қилиш учун куюнамиз, мақсад амалга ошса суюнамиз. Залворли мақсадлар, улуғ ниятларни амалга ошиши учун тараққиётни тўғри белгилаш зарур. Ана шу ҳаёт ва тараққиётни бир-бирига боғловчи ришта бор. Бу адабиётдир. Адабиёт маънавият ва маърифатга ташна миллатнинг онасидир. Уни тетапоя қилиб, алла оҳанги билан одоб-ахлоқни сингдирувчи, сабоқ берувчи мўъжизавий куч у.

 

Институтимизда ҳар душанба куни ўтказиладиган “Ибратли, ижодкор инсонлар” рукнидаги ижодий мулоқотнинг навбатдагисида Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, навоийшунос олим, филология фанлари номзоди, профессор Султонмурод Олимов иштирок этдилар.

Улар давра аҳлини илм ва бадииятнинг уйғунлигидаги таъсирчан мулоҳазалари билан лол қолдирди. Навоий ҳикматларидан бири шундай:

Ҳунарни асрабон нетгумдур охир,

Олиб туфроққами кетгумдир охир.

“Фарҳод ва Ширин” достонида келтирилган ушбу битик орқали инсоннинг ғайрат ва шижоати чексиз экани таъкидланмоқда. У ана шу қобилиятини, лаёқатини эл-юрт манфаатига, хайрли ишларга сафарбар этиши зарур. Озод элни обод қилиш орқали шод этиш ниятини Фарҳод тажрибали “ирригатор” сифатида тоғ тошларини кесиб сув келтирди. Шунга монанд ҳолда ушбу ҳикматларини келтириш ҳам жоиз.

Нафъинг агар халққа бешак эрур,

Билки, бу наф ўзингга кўпрак эрур.

Демак, халққа манфаат етказиш, унинг дард-у ташвишлари билан яшаш улуғ иш.

Адабиёт тараққиётга пойдевор бўлишини шундан ҳам кузатиш мумкин.

Ҳокимият қайси миллат қўлида бўлса у ҳукм юритган. Тарихимизда араб ва форсийлар маданияти устунлиги ҳам шундан. Адабиёт миллатнинг кўзини очади. Англия давлати ҳукмдорларидан бири Черчил “Кимнинг қўлида информация кўп бўлса, у бошқаради,” - дейиши бежиз эмас.

Бу эса миллатнинг огоҳлиги, зийраклиги барчасидан устунлигини билдиради. Шунинг учун ҳам Навоийда ушбу ҳикмат шуни тасдиқлайди.

Тинчлик – бебаҳо неъмат. Жамики эзгуликлар осойишталик бўлсагина рўёбга ошади. Бироқ ана шу неъматнинг илдизига болта ураётган разиллар, аслида инсон номига нолойиқдир. Уларнинг қилмишларидан бугун бутун жаҳон нотинч бўлмоқда, озор чекмоқда. Шу боис давр биздан ҳар сонияда огоҳлик, атроф воқеликка нисбатан теран нигоҳ ила яшашни тақозо этади. Аслида, инсоният яралибдики, у билан бирга хавф-хатар, адоват ва фитна ёнма-ён юради. Жамият зиёлилари, аҳли ҳикмат ўз асарларида кишиларни ана шундай салбий ходисалардан огоҳ этиб, хушёрлик ва сергакликка чорлаб келганлар. Навоий бу борада шундай ёзади:

«Эрурсан шоҳ, агар огоҳ сен, сен,

Агар огоҳ сен, шоҳсан сен»,

Шунга яқин бир фикрни  жориюллоҳ нисбати берилган Маҳмуд аз-Замаҳшарийда ҳам учратамиз. “Огоҳ кишини эҳтиёткорликнинг оқибати билан таништиргин. Ҳидоятга бошловчиларни эслатиш орқали уни мулоҳаза юритишга кўндириб, олижаноб ишларни қилишга чақир”.

Келинг, яхшиси, огоҳлик давр талаби эканини уқтирувчи ушбу битикларга эътибор қилайлик.

Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ, Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ. Баҳоуддин Нақшбанд.

“Маърифат соҳиби бўлмак учун аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак”. Абдулла Авлоний.

Юрт нотинч бўлса, бошингдан ўқ учиб турса, бу тенгсиз бунёдкорлик, буюк келажак ҳақида қайғуриш у ёқда турсин, ҳатто ичаётган бир пиёла чойинг ҳам заҳар-заққумга айланади”. Абдулла Орипов.

Адабиётнинг қудратини турли даврларда яшаб ўтган адибларнинг фикр-мулоҳазаларидан ҳам билиш мумкин.

Устоз Султонмурод Олимов Навоий ҳазратларининг вақт мезонига дахлдор фикрларини ҳам келтириб ўтдилар.

Мозийи мустақбал хаёлин такаллум айла кам,

Не учунким, дам бу дамдир, дам бу дамдир, дам бу дам.

Сўнгра Мир араб мадрасасини бунёд этилиши билан боғлиқ ҳолдаги фикрларни келтириб, муридларининг Хожа Аҳрорга эътироз билдирганларида уларнинг айтган ушбу байтининг изоҳини келтирдилар.

Ту бо мани дар Ямани пеши мани

Ту бе мани пеши мани дар Ямани.

Сен менинг қалбимга яқин бўлсанг Яманда бўлсанг ҳам менинг олдимдагидай бўласан, агар қалбдан узоқ бўлсанг, ёнимда юрсанг ҳам Яманда юргандай таассурот уйғотасан деган мазмун яширин унда.

  

Тадбир иштирокчилари турли саволлар билан устоздан анча билим олиб, билганларини мустаҳкамладилар.

Тадбир ғоят мароқли ва қизиқарли тарзда ўтди.

 

“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.