Болалик – беғуборлик

Бола – бу сўзни эшитганимизда кўз олдимизга қувноқ, ўйинқароқ ёш авлод гавдаланади. Уларнинг кулгуси, кўзларидаги қувончи бутун оламни ёритадигандек гўё. Халқимиз жуда ҳам болажон халқ. Юртимизда ёшларга жуда ҳам катта эътибор берилиб келинади. Шу жумладан, бизнинг институтимиз аъзолари ҳам болаларнинг қувончини кўришга шайландилар. Ана шундай эзгу ғояни амалга оширишга шайланган ҳолатда 1-июн “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти раҳбарияти ва институтнинг Ёшлар Иттифоқи Бошланғич ташкилоти фаол талабалари билан биргаликда “Болаларга беринг дунёни” шиори остида Республика Онкология марказида хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбир бошланишидан олдин талабаларимиз мультфильм қаҳрамонлари билан биргаликда ўзларининг олиб келган кўкрак нишонларини болаларга улашдилар. Сўнг тадбирни очиб бериш учун сўзга институтимизнинг профессор ўқитувчилари чиқдилар. Тадбир жуда ҳам қизиқарли ҳамда турли ўйинларга бой бўлди. Болажонларнинг ўзлари ёд олган шеърлари тадбирга кўрк бағишлади. Байрамимизда “Чучува”, “Ошхона шашкаси”, “Ким чаққон”, “Пантомима” каби ўйинлар бўлиб ўтди. Шу билан биргаликда болаларни байрам билан табриклаш учун қўшиқчилар ҳам ташриф буюрдилар.

Институтимизнинг “Ёш тарғиботчилар” жамоаси ҳам ўзларининг чиқишлари билан болаларга қувонч улашдилар. Тадбирнинг якунида болалар бизлар учун ўз қўллари билан ранглар орқали дастхат тушириб бердилар. Сўнг институтимиз талабалари томонидан болажонларга эсталик совғалари тарқатилди. Шунингдек, болажонларнинг ота-оналарига ҳам институтимиз аъзолари томонидан моддий ёрдам кўрсатилди. Шу тадбирни ўтказишдаги қўшган ўз ҳиссаси учун институтимизнинг барча-барча аъзоларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бемалол айтишимиз мумкин-ки, сиздек инсонларнинг кўмаклари асосида 2018-йилнинг 31-май куни ўтказилган хайрия тадбири болаларга унутилмас қувонч бағишлади.  

  

  

Институт Ёшлар Кенгаши медиа гуруҳ раҳбари Улуғбек Манзирбойев ахбороти,

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов.