Донишмандлик даъвати – устоз зийнати

Ҳар душанба куни соат 15.00 да маънавиятга ошна, маърифатга ташна қалбларнинг яйраши, озиқланиши ТИҚХММИнинг маданият саройида одатий тусга айланган. “Ибратли ижодкор инсонлар” рукнида олим, шоир, ёзувчи ва санъаткорлар билан ижодий учрашувлар ғоят мароқли.

15 январь куни ўтказилган маънавий тадбир устазода санъаткор ва йирик тарихчи олим Ҳожиакбар Ҳамидов ва физика-математика фанлари номзоди Ҳамиджон Тоҳиржоновларнинг қаламига мансуб бўлган “Донишманд ҳофиз” номи билан “Ўзбекистон” НМИУда чоп этилган ёднома китобининг тақдимотига бағишланди.

Ушбу китоб кўп йиллар мобайнида ўзбек қўшиқчилик маданиятига сезиларли ҳисса қўшган таниқли санъаткор, Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаровнинг ҳаётий ва ижодий фаолиятига бағишланган. Донишманд санъаткоримизнинг ҳаёти силлиқ кечмаган, унга қилинган қаршиликлар боис у турли довонлардан чидам ва сабр-тоқат билан ошиб ўтган. Китоб билан танишиш асносида шунга амин бўласиз.

Дастурга устоз Раҳимбой Жуманиёзов модераторлик қилди. Унда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Хайрулла Лутфуллаев, истеъдодли шоир ва олий тоифали диктор, “Турон” фанлар академиясининг академиги Муслимбек Йўлдошев, иқтидорли ҳофиз Ҳожимурод Умаров, таниқли ҳофиз Абдуллажон Раҳимжоновлар ўзларининг дил сўзлари билан иштирок этишди.

Сўнгра институтимиз профессори “Турон” Фанлар академиясининг вице президенти, самимий инсон Ҳожиакбар Ҳамидов келган меҳмонларга ўзларининг самимий дил истакларини билдириб устоз билан боғлиқ бўлган ширин хотираларини тилга олдилар.

Тадбир ниҳоясида “Турон” фанлар академиясининг президенти, тарих фанлари доктори, профессор Ҳайдарбек Назирбекович Бобобеков ва академиянинг вице президенти Ҳожиакбар Ҳамидовлар устоз Раҳимбой Жуманиёзовга “Турон” ФАнинг академиги дипломини, гувоҳнома ва кўкрак нишонини топширдилар.

Давра аҳли бу рағбат ва маънавий тадбирдан мамнун ҳолда узлуксиз тарзда қарсаклар билан олқишлаб туришди.

 

“Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов