Мустаҳкам дўстлик риштаси
Теран томирлари бир бўлган халқларнинг яшаш ва қараш тарзида ҳам ўзаро уйғунлик бўлади. Қадимдан бир-бирлари билан қариндошлик риштасини боғлаб савдо ва маданий алоқаларни йўлга қўйиб ўзаро ишонч қозонишган ўзбек ва қозоқ халқдларининг ҳамжиҳатлиги ва бирдамлиги узоқ асрларга бориб боғланади. Ана шу дўстлик риштаси бузилмас ва узилмас эканини асословчи мисоллар кўп.
Жорий йилнинг 30-31 март кунлари институтимизга Қозоғистон миллий аграр университети ректори, академик Есполов Тлектес Исабаевич бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мазкур ташриф давомида академик Т.И.Есполовнинг институтимиз профессор-ўқтувчилари ҳамда талаба ва магистрантларига “Қозоғистон миллий аграр университетининг инновацион қарашлари“ мавзусидаги тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Қозоғистон миллий аграр университети ҳамда институтимиз ўртасида ўрнатилган мустаҳкам дўстона алоқалар, ҳамкорликда олиб борилаётган илмий ишлар, шунингдек, университетнинг тарихи, эришган ютуқлари, таълим тизими, бугунги кундаги илмий соҳаларда олиб бораётган изланишлари ҳамда профессор-ўқитувчилар, шунингдек, талаба ва магистрантларга яратилган имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Шу билан биргаликда Қозоғистон миллий аграр университети таркибида фаолият юритаётган “Сув муаммолари тадқиқот маркази” ва унинг илмий фаолияти, таркибий тузилиши ҳамда амалга ошираётган илмий изланишлари тўғрисида маълумот берилди.
Учрашув давомида Қозоғистон Республикасининг қишлоқ ҳўжалиги соҳасидаги эришган ютуқлари, суғориш ва мелиорация тизимларида олиб борилаётган илмий изланишлари тўғрисида ҳам таъкидлаб ўтилди. Ҳар икки ОТМ ректорлари келгусида профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба ва магистрантлар ўртасида алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ҳамда илмий соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар.
Делегация ташрифининг сўнгги кунида Қозоғистон миллий аграр университети, Қозоғистон миллий аграр университети таркибидаги “Сув муаммолари тадқиқот маркази”, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Тошкент давлат аграр университети ўртасида 4 томонлама ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандум келгусида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ҳамкорликни амалга оширишда кўприк вазифасини бажаради. Учрашув сўнгида меҳмонларга институт раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари берилди.
Институт халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Илхом Абдурахмонов ахбороти
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов