Фақирни ҳам, шоҳни ҳам сиймосини ярата олган санъаткор
Маънавият ва маърифатни тарғиб қилишнинг турли усуллари бор. Таниқли санъаткор ва олимларнинг иштирокида ўтказиладиган тадбирлар ана шу мақсадга хизмат қилади.
Институтимизда ўтказилиши анъана тусини олган “Ибратли, ижодкор инсонлар” рукнидаги тадбир ҳам кўпчиликда яхши таассурот қолдирди.
Бу инсоннни халқимизга таништириб ўтиришга ҳожат йўқ. Чунки ўзининг ажойиб роллари, бетакрор санъати билан барчамизга таниш, қадрдон бўлган Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминовдир. Улар яратган бир-биридан ажойиб Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асаридаги Йўлчи, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмасидаги Амир Темур, “Бой ила хизматчи” асаридаги Ғофир, жаҳон классикасида яратган турли-туман характерли образлари, «Ўзбекфильм», «Мосфильм», «Тожикфильм»да ижро этган юзлаб роллари ўзбек кино ва театри хазинасида муҳим ўрин тутади.
Ўзбек Миллий академик драма театрининг устоз актёрларидан бири Теша Мўминовнинг яратган роллари таъсирли, юракка етиб боради.
Актёрлик қисматини танлаб, пойтахтга ўқишга келаман деганимда, - дея сўз бошлади улар. Оилада ёлғиз фарзанд бўлганлигим боис ота-онам бунга рози бўлишмаган. Санъат олийгоҳини тугатгач эса театр ҳаётимнинг бир бўлагига айланди. Ота-онам қишлоқда дуо қилиб ўтиришарди. Учинчи курслигимда Ҳамза номидаги академик драма театрига ишга кирганман. Мана, шундан бери йиллар ўтди, умрим у билан боғланиб кетди. Умуман, саҳна тақдиримга, ҳаётим мазмунига айланди.
Театр – ҳаёт кўзгуси. Унда ҳар бир киши ўз аксини, қалб изтиробларини, ёрқин умидларини кўради. Томошабинда ана шундай туйғунинг нечоғли уйғониши театрнинг қудратига боғлиқ. Ўйлайманки, миллий театр жамоаси ана шу масъул вазифани уддаламоқда.
Театрда классик асарлар саҳналаштирилсагина, биз инсон руҳиятига йўл топамиз. Шу йўл орқали инсон ўзлигини англайди, ўзини яратади, кашф этади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир инсон ҳаёти ўзига хос драма. Унда севинч-изтироб, бахт-бахтсизлик мужассам. Классик асарлар ана шу моҳиятни очиб беради, кишини фикрлашга даъват этади. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бу замон билан ҳамнафаслик. Бугунги кунда бизни ҳам, томошабинни ҳам яхлит бир нарса — келажаги буюк давлатнинг равнақига ҳисса қўшаётган иродали, илм-маърифатли, ноёб қобилиятга эга бўлган, ўсиб келаётган ёш авлодга ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган “Замонамиз қаҳрамони”нинг ёрқин сиймосини яратиш, кўриш қизиқтиради.
Актёр театрда майда-чуйда роллар билан умрим ўтиб кетмаса, яхши роллар келса-ю, маҳорат билан ижро этиб, мухлислар қалбига кириб борсам, деган ўй-ташвишда яшайди. Энди драматургларимиз ҳам замон билан ҳамнафас драмалар яратишса, нур устига аъло нур бўларди. Ҳозир энг долзарб масала театрни мумтоз, замонавий, қолаверса, ўзбек миллий спектакллари билан бойитиш, кўтариш керак.
Амир Темур ролини ўйнашни орзу қилиб Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов сингари атоқли актёрлар армон билан ўтиб кетишди. Тарихан буюк шахснинг яхлит образни яратиш менга насиб этганидан ғурурланаман.
Замонлар бўлдики, Амир Темур ролини ўйнаш у ёқда турсин, бу ҳақда ўйлашнинг ўзи хатарли эди. Ҳақиқатдан ҳам Амир Темур ролини илк бора ўйнаш устоз санъакорларимиз учун забт этилмаган чўққи бўлиб қолганди.
Биринчи марта менга «Амир Темур» спектаклида ўйнашни таклиф этишганида, илм уламолари-ю театршунослар буюк сиймолар образини яратиб бўлмаслигини айтишганди. Юрагимда эса шу ролга нисбатан иштиёқ устун чиқиб, Соҳибқироннинг руҳи покларига тиловат қилиб, “Амир Темур” спектаклида ўйнадим. Аммо… осон кечмади, албатта. Спектакл кўп маротаба қўйилди.
1996 йил “Амир Темур йили” деб эълон қилингач, янги авлод Амир Темурни мукаммал билиши учун ҳам саҳна асари яратилиши керак эди. Ўшанда атоқли шоир Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» драмаси саҳналаштирилди, бош ролни ўйнашни иккинчи марта ҳам менга топширишди. Рол устида беқиёс куч-қувват топиб ишладим. Катта изтироб ва масъулият юрагимни эзиб турарди. Спектаклнинг муваффақиятли чиқишига, албатта, драманинг зўр ёзилганлиги ҳам сабаб бўлди. Режиссёрнинг оғир, машаққатли меҳнати ҳам таҳсинга лойиқ. Ана шу тарзда кучлар умумлашган ҳолда Амир Темур образи яратилди. Бу шарафли иш менга насиб этганидан Яратганга шукроналар айтаман.
Аслида, пойтахтга ишга келганимда Йўлчига ўхшаб, ўта ишонувчанлигим, оқкўнгиллигим туфайли кўп панд еганман. Ота-онам қишлоқда “Соддагина ўғлимни ўзинг паноҳингда асрагин, бегона шаҳарда нокаслар алдамасин, адашмасин” деб дуо қилиб яшардилар. Балки онамнинг дуолари ижобат бўлиб, театрда ҳам ўзимга ўхшаган Йўлчи ролини ўйнаш насиб этгандир. Ойбек «Қутлуғ қон» асарида Йўлчи образини осмондан олмаган. У ёнимизда яшаётган иймони бутун одамларнинг кечмишларини, атрофимиздаги фожиаларни, юрагимиздаги оғриқларни маҳорат билан очиб берган.
Бир куни рол ўйнаётганимни кўрган Шукур ака ёнига мени чақиртирди-да:
— Санъатда ўғрилик қилгани келган бўлсанг, кетавер. Театр ўғрилик қиладиган жой эмас, — деди ўзига хос савлатдор овози билан.
— Санъатдан нимани ҳам ўғирлаш мумкин, устоз? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Сенингча сўзни ёлғондан ёдлаб айтиш ўғрилик эмасми? Шунчаки рол ўйнаш эмас, саҳнада яшаш керак. Саҳнага ҳар бир чиқишингда мақсад, моҳият бўлсин. Ҳар бир ўйнаган ролинг воқеа бўлсин. Йиғласанг, халқ йиғласин, кулсанг кулсин, жим турсанг сукутга чўмсин. Томошабинни ҳар қандай ҳолатда ҳам ишонтиргин, сеҳрлай билгин. Ўшанда бир куни саҳна сени ардоқлайди, меҳнатинг қадрланади, — деди Шукур ака.
Шукур ака — бетакрор актёр, ўзига ҳам, оламга ҳам сиғмаган инсон эди. У кишидан театрда бир улуғвор мактаб қолди. Бугун шогирдларимга ҳам устозлардан олган ўгитларни уқтириб келаман.
— Театр ўзига хос серқирра ҳаёт. Ҳар бир спектакл эса ҳаёт ичидаги ҳаёт. У шундай мавқе ва мақомга эришиши лозим. Бунинг учун юқорида таъкидлаганимдек, яхши драмалар, маҳоратли режиссёрлар, талантли актёрлар керак. Мана шу учта бирликнинг фикри бир жойдан чиқса, театр гуркирайди. Авваллари ойда бир марта театрга тушмаган одамни дунёдан бехабарликда айблашарди. Ҳозир техника ривожланаётган бир даврда кўпчилик театрга келмаса ҳам телевизор ёки интернет орқали хоҳлаган спектаклини ёки киносини кўриши мумкин. Бу бир томондан яхши, албатта. Лекин у сурат-да, жонли ҳолат эмас! Театр барибир театр-да! Томошабин дисклардан кўра спектаклни ўз кўзи билан кўрса, маълум муддат қаҳрамон билан яшаса, ҳайратланади, завқланади.
- Ўғлингиз Толибжон Мўминов ҳам изингиздан бориб, актёрликни танлади. Бунга қандай қарайсиз? - деган саволга шундай жавоб бердилар.
- Толибжоннинг бир-икки ролларини кузатган томошабинлар менга ижобий фикрлар билдиришди. У ҳали жуда кўп ва хўб меҳнат қилиши керак. Мен буни ҳар қадамда таъкидлайман. Актёрлик қисмати оғир ва залворли. Бу ҳақда Толибжонга гапираверишимдан зерикса ҳам чарчамайман. Энди ота касбини танлаган экан, бу йўлда сабр-қаноат тилайман, устозларнинг йўлини берсин!
Тадбир савол ва жавоблар йўсинида қизиқарли ва мароқли тарзда ўтди. Тадбир ниҳоясида институт ректори Ў.П.Умурзаков ва “Гуманитар фанлар” кафедраси аъзолари, профессор Ҳожиакбар Ҳамидов Теша Мўминовга ўз миннатдорчилигини изҳор қилишди.
Гуманитар фанлар” кафедраси ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти
Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов