Фермер хўжалигини лойиҳа асосида қайта ҳисоблаш

23 февраль 2018 йил 4 жуфтликда институтимизнинг Г ўқув биноси 101 аудиториясида “Гидромелиоратив тизимлардан фойдаланиш” кафедраси ассистенти  Дўстназарова Санобар Атауллаевна 3 курс 3 гуруҳ талабаларига “Фермер хўжалигининг мавжуд ер заҳиралари, уни лойиҳа асосида қайта ҳисоблаш” мавзусида  Очиқ дарс тақдим этди. Очиқ маърузада Ўқув методика бошқармаси ходимлари Акмал Дурманов, Мафтуна Тошева ҳамда кафедра профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Очиқ дарс аввалида ўқитувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2017 йил 9 - декабр Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимидаги нутқи ҳақида сўз юритди: “Ҳозирги кунда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш ва келгуси йил учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш долзарб вазифа ҳисобланади.

  

Фермерлик ҳаракатини ривожлантириш натижасида мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, улар бугунги кунда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритмоқда. Жорий йилда 96 минг гектар ҳосилдорлиги паст майдонларда пахта ва ғалла ўрнига 32 минг гектар ерда карам, турли сабзавот ва кўкатлар экилди ва бу майдонлардан олинган минглаб тонна маҳсулотлар экспорт қилинди. Шунингдек, 11 минг гектарда интенсив боғ ва янги токзорлар, 1 минг 500 гектарда иссиқхоналар барпо этилди. Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан кафолатли таъминлаш мақсадида ҳар йили давлат бюджетидан 2 триллион сўмдан ортиқ, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун 400 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилмоқда.

Ҳосилдорлиги паст ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта етиштирадиган фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан маблағ ажратиш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2008-йилда ушбу мақсадлар учун 80 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлса, жорий  йилда бу кўрсаткич 300 миллиард сўмни ташкил этди”.

Ўқитувчи дарс мобайнида ҳар бир талабага алоҳида тарқатма материаллар бериб, фермер хўжалигидаги ер фондини қайта ўзлаштириб чиқишни юклади, талабалар ўқитувчи ёрдамида асосий ер миқдоридан яроқли экин экиладиган ерни ажратиб олишди.

Ўқув методика бошқармаси ходимаси Мафтуна Тошева ахбороти

Институт матбуот хизмати Раимбой Жуманиёзов