“Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилди
Мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш ва ўзаро тажриба алмашиш борасида Россия Федератсияси билан стратегик аҳамиятга эга ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.
Икки давлат ўртасида олий таълим тизимидаги ўзаро стратегик ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш мақсадида Россия ва Ўзбекистонинг қатор етакчи олий таълим муассасалари ташаббуси билан илк маротаба “Ўзбекистон-Россия таълим форуми” ўтказилинди.
18 октябр куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида бўлиб ўтган форумнинг биринчи қисми ялпи мажлис шаклида ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Абдужаббор Абдувоҳидов ҳамда Россия ректорлар уюшмаси президенти, Ломоносов номидаги Россия давлат университети ректори Виктор Антонович Садовничийлар очиб беришди.
Форумнинг кейинги қисмида эса, икки давлат ОТМлари ректорлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида долзарб вазифа ва масалаларни тўғридан-тўғри мулоқотда муҳокама қилиш мақсадида алоҳида шўбаларга бўлинишди.
Мазкур йирик таълим форумида Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари иштирок этишди. Илк маротаба ўтказилаётган “Ўзбекистон-Россия таълим форуми”да ҳар икки мамлакат олий таълим муассасалари ректорлари ўзаро ҳамкорликни ёʻлга қўйишдаги долзарб вазифа ва масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўладилар.
Ушбу халқаро анжуман натижасида Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма дастурлар асосида талабаларни ўқитиш, факултет ва кафедралар филиалларини ташкил қилиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, янги ҳамкорлик алоқаларини ёʻлга қўйиш учун замин яратилади. Халқаро форум доирасида 150 га яқин шартномалар имзоланди.
Шу жумладан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институтининг ректори проф. Ў.П. Умурзаков қуйидаги Россия олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномаларини имзолашди:
Москва давлат қурилиш университети;
Ер тузиш давлат университети;
И.И.Иванов номидаги Курск Давлат қишлоқ хўжалик академияси;
Жанубий Федерал университети.