Устоз, ғолиблик муборак!

Давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллик тўйи арафасида ўзининг маънавий ва маърифий жабҳада, ёшлар билан иш олиб боришдаги фаолияти ҳамда жасоратини эътироф этиш ва рағбатлантириш ниятини қўллаб - қувватлаган ҳолда, Навоий вилоятида “Фарҳод” маданият саройида ташкил этилган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси - 2018” Республика кўрик­­–танлови ғолибларини тақдирлаш маросими алоҳида аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат Кенгашининг Раиси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Маънавият - энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз”, - дея эътироф этган ўгитлари руҳида ўтган ушбу тадбирнинг айнан Навоий вилоятида ўтказилишининг ҳам рамзий маъноси бор.

Ўзининг назмий ва насрий асарлари билан маънавият ва маърифатнинг маёғига айланган ҳазрат Навоийнинг номи қадрулабад моҳият касб этади. Вилоят марказида ташкил этилган ушбу тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази, Навоий вилояти ҳокимлиги ва Марказнинг Навоий вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.

Ўша куни муҳташам “Фарҳод” маданият саройи байрамона тус олган, анвойи гуллар билан безатилганди.

Маълумки, Фарҳод адабиётда ўз халқига сув келтирган, обод қилган тимсолий образнинг инъикосидир. Бу орқали маънавият инсон учун сув сингари зарур ва азиз эканлигини уқтириш ҳам кўзланганини сезиш қийин эмас.

“Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси – 2018” Республика кўрик­­-танловида  кўзга кўринган фаол олимлар, шоиру ёзувчилар ва санъаткорлар иштирок этишди.

“Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” эзгу шиори билан ўтказилган ушбу танловнинг мутлоқ ғолибларидан бири сифатида устозимиз Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти матбуот  котиби Раҳимбой Жуманиёзовнинг номлари эълон қилиниши билан гулдурос қарсаклар янгради.

Устоз Раҳимбой Жуманиёзовнинг “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” Республика кўрик­­–танловларининг илгари ҳам бир неча бор ғолиби бўлгани жамоадош сифатида ҳаммамизни ғурурлантириши тайин.

Республика Маънавият ва маърифат кенгаши раиси, Олий Мажлис депутати Қодиров Алишер Келдиевич ҳамда Навоий вилоят ҳокими Турсунов Қобилжон Бекназаровичлар устозни қизғин табриклай туриб, “Сиздан Президент ҳузуридаги академияда ҳам дарс олганимиздан доимо руҳланамиз”, - дея яна бир бор миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

Вилоятлардан ташриф буюрган ғолибларни тақдирлаш маросимининг бадиий қисмида танлов ғолиблари ва меҳмонлар учун Ўзбекистон санъат усталари томонидан самимий тилаклар ва куй-қўшиқлар янгради.

“ГИМ” факультети “Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси Баҳриддин Муқимов ахбороти