«Scopus Award-2018» тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
Илм қиймати ва олимлик рутбасини баланд қўйган халқ доимо юксаклик сари интилади. Чунки, олимона синчковлик ва оқилона назар, одилона ва холисона баҳо доимо жамият ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшгани ҳолда, катта аҳамият касб этади. Жорий йилнинг 23 ноябрь санасида, Scopus статискаси бўйича самарали фаолият юритаётган Ўзбекистонлик олимларни тақдирлашга бағишланган 1-илмий форум бўлиб ўтди. Форум Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Нидерландиянинг Elsevier компанияси ўртасида тузилган “Илм-фан - 2020” лойиҳаси доирасида ташкиллаштирилди. Тадбирда QS, Times Higher Education каби дунёнинг етакчи рейтинг агентликлари директорлари, Elsevier компанияси раҳбарлари, хорижлик мутахассислар ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этишди.
«Scopus Award-2018» тақдирлаш маросимида йил давомида илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланган ўзбекистонлик олимлар ўртасида тўққизта номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Таъкидлаш жоизки, Институтимиз мазкур тадбир натижаларига кўра 2 та номинацияга лойиқ деб топилди. Тақдирлаш натижалари қуйидаги йўсинда бўлди.
1. “Researcher of the Year” («Йил олими») номинацияси – Дилшод Тўлаганов (Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети), Темурбек Усмонов, Бобомурод Аҳмедов (Ўзбекистон Фанлар академияси);
2. “High Performance award” (Энг сермаҳсул ОТМ) номинацияси – Ўзбекистон Миллий университети;
3. “Outstanding Research Impact Award” (Тадқиқотларда эришган улкан натижаси учун) номинацияси – Ўзбекистон Фанлар академияси;
4. “Growth of the Year” (Йилнинг энг муваффаққиятга эришган ОТМ) номинацияси – Тошкент педиатрия тиббиёт институти;
5. “Breakthrough of the Year” (Йил кашфиёти) номинацияси – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти;
6. “Library of the Year” (Йил кутубхонаси) номинацияси – Самарқанд давлат университети;
7. “Contribution to Science” (Илм ривожига қўшган ҳиссаси учун) номинацияси – Тошкент давлат иқтисодиёт университети;
8. “Энг ёш олим” номинацияси – Мираббос Хўжамбердиев;
9. “Women in Science” (Йил олимаси) номинацияси – Шахло Турдиқулова.
Тақдирлаш маросимида олтита фан йўналишларида ҳам энг фаол олимлар аниқланди. Жумладан, институтимизда фаолият юритиб келаётган ЭкоГАТ маркази раҳбари, техника фанлари номзоди, доцент Пулатов Алим Салимович “Қишлоқ хўжалиги фанларида энг фаол олим” номинацияси бўйича тақдирланди. Ҳозирги кунда, олимнинг 10га яқин илмий мақолалари Scopus илмий-техник маълумотлар базасида мавжуд бўлиб, h-индекс 3 га тенг. Бугунги кунда, муаллифнинг илмий ишлари бутун дунё бўйлаб катта қизиқиш билан ўқиб келинмоқда ҳамда уларга иқтибосликлар бериб борилмоқда.
Институт халқаро рейтинг фаолиятини мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Ғиёсиддин Ғозиев ахбороти
Институт Матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов