Инновацион ҳамкорлик натижалари
Янгиликка интилиш тараққиётга интилиш демакдир. Шундай экан, ҳар бир жамиятда унга эҳтиёж сезилади. Уларнинг ҳамкорлик коринишидаги шакллари яхши натижалар бериши аниқ.
2017 - йилнинг сўнггида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Германиянинг Лейбниц номли қишлоқ хўжалигини ландшафтлаштириш илмий тадқиқот маркази (ЗАЛФ) ўртасида ҳамкорлик алоқалари доирасида мазкур илмий тадқиқот маркази томонидан юборилган, ўқув жараёнида фойдаланиш учун мўлжалланган лаборатория жиҳозлари Ирригация ва мелиорация кафедрасига келтирилган эди.
Бугунги кунда Ирригация ва мелиорация кафедраси профессорўқитувчилари ва докторантлари олиб келинган лаборатория жиҳозларидан дала тажрибаларида, ўқув-қидирув амалиётида ва лаборатория машғулотларида кенг фойдаланмоқдалар.
2018 - йил 25 - апрел куни Ирригация ва мелиорация кафедраси доценти Адҳам Маматалиев ва докторант Жавлон Ишчановлар томонидан Касб таълими: Сув хўжалиги ва мелиорация таълим йўналиши 3-курс 316-гуруҳида “Тупроқ намлиги бўйича суғориш меъёрларини аниқлаш” мавзусида лаборатория машғулоти ўтказилди. Машғулотда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Иррометр” тензиометр билан бирга Германиядан келтирилган тупроқ кўрсаткичларини аниқловчи “УМП-1БТ” асбобдан фойдаланилди. Бу асбоб бир вақтнинг ўзида тупроқ намлиги, ҳарорати ва шўрланиш миқдорини тезкор аниқлаш имконини беради. Асбоб “Блуетоотҳ” тизими билан таъминланган бўлиб, маълумотлар мобил телефон ёки компютерга тўғридан-тўғри узатилади. Тупроқ кўрсаткичлари маълумотларини “онлине” тарзда мунтазам олиб туриш мумкин. Бу қулайликлар ўқув ва илмий фаолиятда кенг имкониятлар яратмоқда.
Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов