Институтимиз Хитойнинг йирик корпорацияси билан ҳамкорлик қилади
Жорий йилнинг 7 феврал куни Хитойнинг POWERCHINA корпорацияси вакиллари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига (ТИҚХММИ) ташриф буюришди. Мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад икки томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантиришдан иборат бўлди.
POWERCHINA Хитойнинг йирик давлат комплекс қурилиш компанияси ҳисобланиб, унинг таркибида SINOHYDRO, HYDROCHINA, SEPCO каби 75 та компаниялар, шунингдек, Олмаота шаҳрида жойлашган “КАЗГИДРО” лойиҳалаш институти мавжуддир. Мазкур компания гидроэнергетика, шамол, қуёш ва иссиқлик энергетикаси қурилиши соҳалари бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади, шунингдек, қидирув, лойиҳалаш, қуриш, техник қайта қуриш ва фойдаланиш каби бутун бир ишлаб чиқариш занжири бўйича салоҳиятга эга.
Учрашув давомида корпорациянинг Ўзбекистондаги гидроэнергия бўйича бош муҳандиси Ванг Яньли ва ТИҚХММИ ректори, профессор Ўктам Умурзаков томонидан икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида институтдаги соҳа битирувчиларини корпорация томонидан Ўзбекистонда (Тошкент ва Андижон вилоятларида) қурилаётган учта янги гидроэлектростанцияларда иш билан таъминлаш ва талабаларнинг ўқув амалиётларини ташкил этиш, Хитой ОТМлари билан ўзаро талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, корпорация томонидан иқтидорли талабалар учун грант ва стипендиялар жорий этиш каби масалалар келтириб ўтилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойидаги Хитой давлатига ташрифи давомида икки давлат ўртасида кўплаб соҳалар бўйича шартномалар, жумладан Ўзбекистондаги 300га яқин насос станцияларини модернизация қилиш ва гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича келишувлар имзоланган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарорига кўра 32 та гидроэлектр станциясини модернизация қилиш ва 42 та янгисини қуриш кўзда тутилган бўлиб, бу соҳа ривожи йўлида ташланган муҳим қадам бўлди. Учрашув давомида юқоридагиларга ҳамоҳанг тарзда POWERCHINA корпорацияси ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида ўрнатилаётган ўзаро ҳамкорлик алоқалари мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасининг ривожига сезиларли ҳисса қўшиши таъкидлаб ўтилди.
Учрашув давомида жорий йил март ойининг бошларида корпорация раҳбарларининг институтга ташриф буюриши ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда POWERCHINA корпорацияси ўртасида икки томонлама ўзаро шартнома имзолашга келишиб олинди.