Интеллектуал маъруза
Бугун 13.03.2018 йил соат 10:00 да институтимизнинг В ўқув биноси “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш” кафедраси доценти Газиева Раъно Тешабаевна 2-курс 5-6-7-гуруҳ талабаларига Интеллектуал датчиклар мавзусида очиқ маъруза ўтиб берди. Маърузада “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш” кафедраси профессор-ўқитувчилари, ёш стажёр ўқитувчилар ҳамда институт Ўқув-методика бошқармаси методисти Мафтуна Тошевалар иштирок этишди.
Ўқитувчи маърузани аввало, ақлий хужум педагогик технологияси асосида бошлаб ўтган мавзу буйича талабаларни савол-жавоб қилиб билимларни фаоллаштирди.
Шундан сўнг мавзунинг асосий қисмига ўтиб, бугунги кун инженерлари янги технология ва техникадан фойдаланишга, технологик жараёнларни автоматлаштиришни кенг жорий этишга, ишлаб чиқариш резервларини аниқлаш ва уни жадаллаштиришга қодир бўлишлари кераклигини айтиб ўтди.
“Ўлчаш техникаси халқ хўжалигининг барча соҳаларида фан-техника тараққиётининг муҳим омилларидан биридир. Шу боисдан ўлчаш воситаларининг ва ахборот-ўлчов системаларининг ишончлилиги кўп ҳолларда агрегатнинг умуман ишончлилигини белгилайди. Параметрларнинг тўғри қийматларини билмасдан туриб ва бу қийматларни автоматик назорат қилмасдан туриб, технологик жараёнларни ёки агрегатларни тўғри бошқариб бўлмайди, ўлчов воситаларисиз эса автоматлаштириб бўлмайди.
Ўлчаш техникасини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш учун ҳар бир инженер-техник ходим, қайси соҳа мутахассиси бўлишидан қатъий назар, технологик ўлчаш усуллари ва воситаларидан, ҳисоблаш техникасидан ўлчаш жараёнларини автоматлаштиришда фойдаланиш имкониятларидан хабардор бўлиши зарур” – деб ўтди ўқитувчи ўз маърузасида.
Талабалар мавзуни қизиқиш билан тинглашди ва дарс сўнгида тарқатма материаллар орқали вазифалар бажаришди.
Ўқув-методика бошқармаси методисти Мафтуна Тошева ахбороти