Интернет бу иллатми ёки ҳикмат?

2018 йил 19 январ куни 4-сонли талабалар турар жойида “Гидромелиорация” факултети “Ирригация ва мелиорация” кафедраси профессор-ўқитувчилари “Ахборот коммуникация технологияларининг ёшлар ҳаётидаги ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Ҳозирги кунда ҳаётни ахборот-коммуникация технологияларисиз тассавур қилиш жуда қийин. У барча соҳаларга жадал кириб келиб ўз имкониятларини намоён қилмоқда. Бугунги кунда мактаб ўқувчиси, ҳатто боғча боласи қўлида ҳам мобил телефон борлиги ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Уяли алоқа воситалари, планшет, компьютер технологиялари, интернетнинг имкониятлари ҳад-ҳудудсиз эканлиги ҳаммага аён. Кундалик турмушимизда оддий воқеликка айланган ана шундай замонавий технологиялар имкониятларидан жамиятимизнинг барча аъзолари, жумладан, жисмоний ва юридик шахслар унумли фойдаланишга интилмоқда. Лекин бу воситалар ҳозирги даврда инсониятнинг соғлиги, тинчлиги, эркинлиги ва келажагига таҳдид солаётган жаҳолат дунёси учун ҳам фаол хизмат қилаётганлигини унутмаслигимиз керак. Унда савол туғилади: “Ахборот-коммуникация технологиялари, бу фойдами ёки зарар?”

“Ирригация ва мелиорация” кафедраси профессор-ўқитувчилари доцент Матяқубов Б.Ш., доцент Маматалиев А.Б. ва ассистент Мардиев Ш.Ҳ. томонидан ташкил қилинган “Ахборот коммуникация технологияларининг ёшлар ҳаётидаги ўрни” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирда мазкур саволга  жавоб изланди.

Тадбирда дастлаб Ш.Мардиев томонидан мавзуга доир тақдимот берилди. Сўнгра, доцент А.Маматалиев талабаларга ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш тартиблри тўғрисида маълумотларни бериб ўтди ва юқорида келтирилган савол орқали тадбир қатнашчиларига мурожаат қилди. Тадбирда ахборот-коммуникация технологияларининг “оқ” ва “қора” томонлари муҳокама қилинди. Доцент Б.Матяқубов ҳаётий мисоллар ёрдамида масалага янада ойдинлик киритди.

Муҳокама сўнгида тадбирда қатнашган талабалар “ахборот-коммуникация технологияларининг фойдали ёки зарарлилиги унга қандай муносабатда бўлиш ва қандай фойдаланишга боғлиқ” деган жавобни беришди. Берилган жавоб  барчани қувонтирди. Чунки, бундай хулоса талабаларнинг соғлом фикрга эга эканлигидан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ўз ўрни ва мақомини тўғри белгилаб олганликларини билдиради. Хулоса сифатида қуйидаги сатрларни келтириш ўринли бўлади:

Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким неки изласа, топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё. 

4-сонли талабалар турар жойи тарбиячи педагоги Жавлонбек Қутлимуротов ахбороти

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов