Истиқболли лойиҳалар намойиш этилди

2019 йил 16 май “Қишлоқ ва сув хўжалиги энергия таъминоти” факультети декани А. Исақов, кафедра мудирлари ва талабалари дарсдан бўш вақтларида гуруҳ мураббийлари ҳамроҳлигида “Ўзэкспомарказ”га ташриф буюришди.
Жорий йил 15-17 май кунлари Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида “Power Uzbekistan – 2019” ва “OGU-2019” номи билан энергетика ва нефт-газ соҳалари бўйича халқаро кўргазмалар ўтказилди.
“Iteca Exhibitions”  халқаро кўргазмалар компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган тадбирдан кўзланган мақсад энергетика, нефт-газ соҳаларини ривожлантириш, бу борада халқаро тажрибалар билан танишиш ҳамда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.
“Power Uzbekistan – 2019”  – энергетика, энергия тежамкорлик, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари” халқаро кўргазмасида электр энергетика ва электр тармоқлари генератсияланувчи қувватларини ривожлантириш соҳасидаги истиқболли лойиҳалар намойиш қилинса, “OGU-2019” кўргазмаси эса геология, геофизика, нефт-газ қазиш, уларни транспортда ташиш, сақлаш, қайта ишлаш, нефт-кимё ва газ-кимё, ахборот-коммуникация технологиялари каби йўналишларни қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, ҳар иккала кўргазмада жаҳоннинг 31 мамлакатидан 150 компания иштирок этади. Тадбир доирасида анжуман ва учрашувлар бўлиб ўтди.

Институт матбуот котиби Раҳимбой Жуманиёзов