Либос - номус, либос – ор, йўқса бариси бекор
Институтимизда талаба ёшларнинг диний ва дунёвий билимларини янада ошириш, миллий қадриятларга бўлган ҳурматини юксалтириш, инсонлар ўртасида муомала маданияти ва айниқса, институтнинг ўрнатилган тартиб-қоидалари, кийиниш маданияти борасидаги билим, кўникмаларини ошириш ва уни тарғиб қилиш мақсадида худди шу ном остида маърифий-тарбиявий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар Бош имом хатиби ўринбосари, “Ислом ота” жоме масжиди имом хатиби Жасур қори Раупов иштирок этди. Тадбир давомида миллий қадриятлар ва ўзбекона одоб-ахлоқ, шарму ҳаё, миллий менталетитимизга хос бўлган фазилатларни ёшларимиз ўзларида шакллантиришлари лозимлигини, ота-боболаримиздан йиллар силсиласидан ўтиб бизгача етиб келган ўзига хос таълим-тарбия қоидаларига бўйсуниш, уни ҳурмат қилиш, қадрлаш ва фарзандларимизга етказишимиз лозимлигини ва айнан мана шу жиҳатлар Юрт тинчлиги, Ватан тараққиётида дастуруламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Жамоат жойларида юрганингизда ораста кийинган, ўзини покиза тутган инсонларни кўрсангиз (ва албатта, ўзини одобда ҳам яхши тутса) бир мунча кайфиятингиз кўтарилгандек бўлади. Аксинча, ўзига қарамаган инсонларни кўрганда агарчи сиз ундан кайфиятингиз тушиб кетмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда беэътибор бўлишингиз турган гап. Ундан ташқари, нотаниш одамлар билан бўладиган муомалаларда ташқи кўринишнинг таъсири борлиги қадимдан бор гап. Шунинг учун киши ҳар қанча камтар бўлса-да, ташқи кўринишга ҳам яхши эътибор бериши лозим.
Баъзи ёшларнинг кийинишини кўриб, бир таажжублансангиз, баъзида кайфиятингиз бузилади. Ёшликнинг ўзига яраша гашти бор, бироқ чегарадан чиқиб кетмаслик керак. Ўзини ҳурмат қилмаса ҳам, жамоатни ҳурмат қилиш зарур. Айниқса овқатланиш жойларида ораста юриш жамоат жойларининг одоби саналади.
Тўғри, Аллоҳ таоло банданинг қалбига назар солиши рост, лекин бу дегани кийинишга ва юриш-туришга умуман аҳамият бермасин дегани эмас. Омир ибн Саъддан ривоят қилинади – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ покдир, покликни яхши кўради, чиройлидир, чиройлиликни яхши кўради, сахийдир, сахийликни яхши кўради, улуғдир, улуғликни яхши кўради, хушбўйдир, хушбўйликни яхши кўради», — дeдилар.
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар киши мурувватли, илмли бўлса, кибрланмасдан энг тоза либосларни кийиши кeрак”.
Умар разияллоҳу анҳу: «Агар Аллоҳ сизларга кeнглик бeрса, нафсларингга сизлар ҳам кeнглик қилинглар», — дeганлар.
Зайд ибн Аслам Ато ибн Ясордан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирган эдилар. Соч-соқоли тўзғиган бир киши кириб кeлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Чиқ, соч-соқолингни тўғрила”, дeдилар. У шундай қилиб қайтиб кирган эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ҳол шайтонга ўхшаб сочи ва соқоли тўзғиб юришдан яхши эмасми?» дeдилар”.
Умар разияллоҳу анҳу: «Либосининг саралиги кишининг олийжаноблигидандир» — деганлар.
Шариатимизда эркак ва аёлларнинг ўз кийиниш усуллари бор. Эркаклар хотинларнинг кийимини кийиши қанчалик хунук бўлса, эркакларнинг кийимларини кийган хотинлар ҳам шундай бўлади. Бўлиб ҳам баъзилари ўзларининг қоматларига ярашмаган фасонда кийинишадики, бу ҳолат нафақат мусулмончиликка, балки, ҳатто Европа маданиятига ҳам тушмайди. Рус шоири Лев Толстой таъбири билан айтганда эркакка ўхшамоқчи бўлган аёл худди хотинсифат эркак каби тасқарадир.
Тадбирда 800 нафар талаба-ёшларимиз иштирок этишди ва ўзларини қизиқтирган фикрлари билан ўртоқлашишди.
Маънавият ва иқтидорли талаба-ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Дилбархон Сиддиқова ахбороти
Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов