“Ўғитлаш машиналари вазифаси, турлари. Агротехник талаблар”
Бугун 23 ноябр 2018 йил биринчи жуфтликда Қишлоқ хўжалиги машиналари кафедраси мудири, т.ф.д., профессор Астанақулов Комил Дуллиевич 3 босқич талабаларига “Ўғитлаш машиналари, вазифаси, турлари. Агротехник талаблар мавзусида” Очиқ маъруза машғулоти тақдим этди. Маърузада Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети декани Улуғбек Қўзиев , кафедра-профессор ўқитувчилари ҳамда бошқа олий таълим муассасалари ўқитувчилари иштирок этишди.
Профессор маърузани босқичма-босқич савол-жавоблар асосида бошлади: аввало талабаларга Ўғитларнинг турлари ва тавсифи ҳақида қуйидаги маълумотларни бериб ўтди: Ўғитлар минерал, органик ва органик-минерал (компост) каби турларга бўлинади. Минерал ўғитлар сунъий усулда тайёрланиб, у бир ёки бир нечта кимёвий элементлардан таркиб топади. Ўғит таркибида битта кимёвий элемент бўлса оддий ўғит ҳисобланади, агар ўғитнинг таркибида бир нечта кимёвий элемент (азот, фосфор, калий ва бошқа элементлар) бўлса, у тўла ёки мураккаб ўғит дейилади. Фосфорли ўғитлар – оддий ёки иккиламчи суперфосфатдан гранулаланган (донадор) ёки кукунланган кўринишда тайёрланади. Унинг гигроскоплиги паст бўлиб, нам ҳавода сақланса ҳам бир-бирига ёпишиб қотиб қолмайди. Калийли ўғитлар – калий хлориди, калий тузлари кўринишида тайёрланади. Улар ҳаводаги намлик таъсирида қотиб қолиши мумкин. Азотли ўғитлар – аммиакли селитра, карбамиднинг гигроскоплиги юқори бўлиб, улар тезда қотиб қолади. Аммоний сулфат ва хлорли аммоний хлоридининг гигроскоплиги камроқдир. Сўнгги вақтда сувсиз аммиак, аммиакли сув каби суюқ ўғитлар кенг тарқалмоқда. Улардан сувсиз аммиак ўта арзон бўлганлиги сабабли кўпроқ ишлатилади. Комплекс ўғитлар – (нитросфоска, аммофос, калий селитраси) таркибида бир нечта кимёвий элементлар бўлиб, балласт аралашмалари оздир. Комплекс ўғитлар суюқ ҳолда ҳам тайёрланади. Микро ўғитлар – таркибида бўр, мис, рух, кобалт, молибден каби элементлар бўлади. Органик ўғитлар – асосан, чорвачилик фермалардан олинадиган гўнг чириндиси, гўнг шилтаси ҳамда турли компостлардан иборат. Ўқитувчи ўғитлаш усуллари ва бу жараёнда фойдаланиладиган ўғитлаш машиналари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар бериб ўтди. Маъруза сўнгида талабаларнинг ушбу мавзу бўйича олган билимлари юзасидан қисқа саволлар берилди.
Ўқув-услубий бошқарма услубчиси Мафтуна Тошева