Мазмундор ҳаёт йўли

Илм-фан ва таълим-тарбияга ўз умрини бахш этиш ва халқ хизматида камарбаста бўлган шогирдлари билан учрашув академик Ҳамраев Нажим Рахимовичнинг руҳини шодлантирсин. Устоз меҳр-муҳаббат ва мурувват тушунчаларини чуқур идрок этарди. Уларнинг ўзаро боғлиқлигини илмий-педагогик жараёнда амалий тарзда ҳис этадилар. Институтимиз фондига 2500 дан ортиқ илмий ва бадиий китобларни совға қилиши ҳам шундан далолатдир.

Улар билан боғлиқ бўлган тадбир ниҳоятда мазмунли ва ҳаяжонга бой бўлди. Тадбирда нуфузли меҳмонлар, фан докторлари, академиклар ва академикнинг оила аъзолари иштирок этди. Тадбирни институт ректори Умурзаков Ўктам Пардаевич очиб бердилар.

Нажим Ҳамраевнинг дўстлари улар таърифида гапирар эканлар, устознинг илм-маърифатга бўлган меҳр-муҳаббати, эътибори чексиз бўлганлигини таъкидлашди. Минглаб шогирдларни устози бўлган Нажим Рахимович ўзига хос мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтганлигига асло шубҳа йўқ. Мана бу илмий даража ва унвонлар рўйхати фикримиз кафолатидир.

Ўзбекистон ва Россия қишлоқ хўжалик фанлари академияларининг академиги, Биосфера халқаро фанлар академиясининг академиги, техника фанлари доктори, профессор Америка гидрологлари институти аъзоси, Ўзбекистон ва Тожикистонда хизмат кўрсатган ирригатор, Қорақалпоғистон республикасида хизмат кўрсатган қурувчи нишонларига эга бўлган устоз Нажим Рахимович Ҳамраев 223 та илмий мақола, 12 та монографиянинг муаллифидир. Шунингдек, 40 та патент ва ихтироларнинг муаллифлик гувоҳномалари соҳибидир. 

Тадбирдан сўнг меҳмонлар учун институт талабалар ошхонасида дастурхон тузатилди ва улар шарафига ош тортилди.

Институт матбуот котиби: Раҳимбой Жуманиёзов