Қишлоқ хўжалиги техникаларидан қай даражада фойдаланяпмиз?

Айни пайтда Ўзбекистонда 77 минг 554 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, уларнинг ўртача ер майдони 48,1 гектарни ташкил этади. Ушбу экин майдонларига 261 600 та техника орқали хизмат кўрсатилади.

Қайд этиш жоизки, сўнгги пайтларда юртимизда мазкур тизимни техника ва машина-механизмлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. 2018 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга 33 700дан ортиқ техникалар етказиб берилгани, уларнинг таннархи 20 фоизгача пасайтирилгани фикримиз тасдиғидир. Шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликларига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилиб, субсидиялар берилаётгани, техникаларни таъмирлаш мақсадида устахонага етказиш учун кетган йўл харажати 80 фоизгача давлат томонидан қопланаётгани диққатга сазовор. Айтиб ўтганимиздек, республикамизда кейинги икки йилда аграр соҳа хўжаликларида халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий техникалар билан таъминланганлик даражаси ошди. Лекин,шу билан бирга, техникаларнинг ишлаш муддатлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 10 йилдан зиёд хизмат қилган техникалар 65,4 фоизни ташкил этаётган бўлса, 44100 дона ёки 16,9 фоиз қишлоқ хўжалик техникалари бутунлай эскирган. Шу боис фермер ва деҳқон хўжаликларини сифатли, замонавий, арзон, ишончли, агротехник ва эксплуатацион кўрсаткичлари юқори бўлган техникалар билан таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу ишлар давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган экан, хўжаликларга етказилган қишлоқ хўжалиги техникаларидан самарали,ресурсларидан эса тўлиқ фойдаланиш учун ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш, носозликларни бартараф қилиш, таъмирлаш, диагностикалаш ва тўғри сақлаш каби техник жараёнлар қоидаларига тўлиқ риоя қилиш талаб этилади. Бинобарин, фермер, деҳқон ва сув хўжаликларида фойдаланиладиган техникаларнинг техник ва ишончлилик кўрсаткичлари (бузилмасдан ишлаши, пухталиги, таъмирбоплиги, сақланувчанлиги) юқори бўлиши техник хизмат кўрсатишга, яъни таъмирлаш, сақлаш ҳамда диагностикалашга мосланганлиги юқори бўлишига боғлиқ. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, қишлоқ хўжалигини замонавий ва энергия тежамкор, фойдаланиш, ишлатиш, таъмирлаш, сақлаш ҳамда диагностика қилишга мослашган “ақлли” техникалар билан таъминлашда бир қатор тизимли муаммолар мавжуд.Хусусан, жойлардаги машина-трактор парклари, устахоналар ҳамда техник хизмат кўрсатиш масканларининг моддий-техника базасини янгилаш зарур. Қишлоқ хўжалиги техникалари паркининг 65 фоизи маънан ва жисмонан эскирганлиги боис янгилашга, таъмирлашга муҳтож. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналардаги асбоб-ускуна ва мосламалар эскирган.

Кейинги йилларда республикамизда ижтимоий-иқтисодий, ўзгариш ва бунёдкорликлардан қишлоқ хўжалиги ҳам бебаҳра қолаётгани йўқ. Ушбу йўналишда кўплаб давлат ҳужжатлари қабул қилиниб, ижросига жиддий киришилмоқда. Жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган стратегия доирасидаги “Йўл харитаси”да тавсия этилганидек, техникаларни такомиллаштириш, хўжаликларда,туман, вилоятларда қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатувчи устахоналар, сақлаш учун майдонлар ва бошқа марказларни яратиш бўйича катта ҳажмли ишлар режалаштирилган ҳамда истиқболли ишланмалар яратилмоқда.

Бундан ташқари, давлатимиз ¬раҳбарининг 2018 йил 18 январдаги фармойишида, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 июлдаги қарорида қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, хўжаликларни техникалар билан таъминлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, техникаларни таъмирлаш, деталь ва агрегатлар ресурсидан тўлиқ фойдаланиш, сақлаш, диагностика қилиш жараёнларида сарф бўлаётган харажатларни, ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини тежаш каби муаммоларни шаффофлик билан ўрганиш, таҳлил қилиш каби вазифалар белгилаб берилди. Техник хизмат кўрсатиш марказларини ташкил қилиш, техникалардан фойдаланиш, таъмирлаш, сақлаш ва диагностикалаш бўйича замонавий автоустахоналар яратиш юзасидан тавсиялар ҳамда “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Бу борада республика, вилоят ва туманларда доимий фаолият юритувчи комиссия ҳамда гуруҳлар тузилди. Пировардида шу нарса маълум бўлдики, 2018 йилда фермер хўжаликлари ва пахта-тўқимачилик кластерларига 33,7 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги, мелиоратив техникалар етказиб берилган. Бу олдинги йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп ва республикамиз бўйича 12 фоиздан ортиқ техникалар янгиланди, дегани. Шу билан бирга, мавжуд техникалардан унумли фойдаланилмаётган ёки бунинг имкони бўлмаган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Косон, Нишон, Яккабоғ ва Касби туманларидаги жами 149 та техниканинг 5 таси носоз, 3 таси яроқсизлиги аён бўлди. 39 та экскаваторнинг ҳам 31 таси ишлаяпти, холос. Таъмирталаб техникаларни ишга яроқли қилиш учун таъмирлаш устахоналари керак. Наманган, Андижон, Фарғона ва бошқа вилоятлардаги машина-трактор парклари ҳамда давлат унитар корхоналари ҳам худди шундай устахоналарга эҳтиёж сезмоқда.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Гап шундаки, кейинги йилларда соҳа вакиллари кўплаб қишлоқ хўжалиги техникалари, тракторлар, мелиорация машиналари ва сув насослари билан таъминланяпти. Бироқ уларнинг конструкцияси мураккаб, яъни трансмиссияни ҳаракатга келтирувчи гидротизим, бошқариш гидрокучайтиргичлари, турли датчиклардан ташкил топган электрон ўлчов асбоблари ва бошқа элементлар мавжуд. Механизаторлар учун янгилик бўлган бундай мураккаблик маълум даражада техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва сақлашга қўйиш технологик ишлари ҳажми кўпайишига олиб келмоқда.

Юртимиз қишлоқ хўжалиги учун 70 дан ортиқ корхоналарига эга “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти асосий техника ва механизмлар етказиб берувчи ҳисобланади. Яъни зарур машина, агрегат ва механизмларнинг 80 турдан ортиғи шу ерда тайёрланади.Шундай экан, жамиятдажаҳон андозаларига мос конструкциялар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир. Бунда машиналарнинг ишончлилик ва техник кўрсаткичларини модернизациялаш, агротехник параметр ва кўрсаткичларини такомиллаштириш, агротехник параметрларини датчик ва комбинациялашган тизим ёрдамида назорат (мониторинг) қилиш мумкин бўлган машиналар яратиш янада яхши. Бу — замон талаби.

Техникалар дала шароитида носозликларни бартараф қилишга, таъмирлаш пайтидаги технологик жараёнларга, сақлашга қўйиш, олиш ва сақлаш пайтида техник хизмат кўрсатишга, диагностика қилишга мослашган бўлиши керак. Шунингдек, машина ва механизмларнинг ишончлилик кўрсаткичлари ҳам яхшиланиши зарур.

Маълумотларга кўра, 2030 йилга бориб республикамиз деҳқонлари учун бир йилда 32 700 донадан ортиқ машиналар ишлаб чиқарилади. Бундан кўринадики, техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш, сақлаш ишлари ҳажми ҳам кескин ошади. Аммо бизда ихтисослаштирилган техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш базалари, устахоналар, цехлар, бўлимлар, сақлаш учун майдон ёки ¬бостирмалар, ёнилғи-мойлаш бўлимлари ва кўчма автоустахоналар деярли йўқ. Борлари ҳам бошқа ишларга мослаштирилган. Машиналарга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирловчи “Режали-огоҳлантирувчи” комплекс бошқарув тизими бузилган.

Демоқчи бўлганимиз, техникалардан самарали фойдаланишни кўзлаётган эканмиз, бу каби масалалар ҳал этилишига ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Республикамиз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий қилиш юзасидан кўплаб вазифалар белгилангани бу юмушлар давлат сиёсати даражасига кўтарилаётганидан далолатдир. Техникалардан ¬самарали ва оқилона фойдаланиш эса аграр соҳа маданиятини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшади.

Шукурулло ЙЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган фан арбоби,

академик,

ТИҚХММИ профессори.

Манба